Тошкентда квартиралар нархи ошди. Энг қиммат уйлар — Мирободда
E-notarius маълумоларига кўра 4-чорак давомида Тошкент шаҳрида 33 194 та уй-жой олди-сотди шартномаси имзоланган
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2022 йилнинг 4-чораги учун Тошкент шаҳрида хонадонлар учун таклиф этилаётган харид нархлари ўзгаришини таҳлил қилди.
Қайд этилишича, таҳлиллар натижалари нархлар ноябрь ойида октябрь ойидагига қараганда 2 фоизга ошганини кўрсатган. Декабрь ойида эса нархлар 3,2 фоизга ошган.
E-notarius маълумоларига кўра 4-чорак давомида Тошкент шаҳрида 33 194 та уй-жой олди-сотди шартномаси имзоланган. Нархлар чорак давомида Шайхонтоҳур туманида ўртача 7,1 фоизга, Чилонзор туманида 4 фоизга, Юнусобод туманида 3,8 фоизга, Учтепа, Яккасарой, Яшнабод ва Олмазор туманларида 2 фоизга, Сергели ва Мирободда 1 фоизга ва Мирзо Улуғбек туманида 0,5 фоизга ошган.
Миробод (1326 доллар), Яккасарой (1195 доллар), Мирзо Улуғбек (1174 доллар) ва Юнусобод (1128 доллар) туманларида уй-жойнинг бир квадрат метри учун нархлар Тошкент шаҳри бўйича ўртача нархдан (1088 доллар) юқори эканлиги маълум бўлган.
Тадқиқот давомида нархга тасир қилувчи асосий омиллар ҳам ўрганилган. Натижаларга кўра, арзон сегментда ҳам, қиммат сегментда ҳам хонадон майдони катталиги нархни белгиловчи асосий омил бўлиб қолмоқда.
Буни шаҳар шароитида ер участкаси нархининг юқорилиги билан изоҳласа бўлади, яъни хонадон таннархида ер харид қилишга кетган харажат энг катта ўрин тутади, дейилади хабарда.
Арзон сегментда хонадон жойлашган қават нархнинг ошишига таъсир қилувчи бошқа асосий омил экани ойдинлашган. Чунки бу сегментдаги уйлар асосан эски ва лифтлар билан жиҳозланмаган. Бошқа тарафдан юқори қаватларга сув ва иссиқлик таъминоти етиб бориши билан боғлиқ муаммолар ҳам хонадон нархига таъсир этмоқда. Кейинги ўринларда нархга хонадоннинг янги қурилгани ва таъмирланганлик ҳолати таъсир этмоқда.
Қиммат сегментда эса хонадоннинг махсус агентлик ёки хонадон эгасининг ўзи томонидан сотилаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Буни махсус агентликлар кўпроқ қиммат хонадолар олди-сотдисида иштирок этиши ва устама ҳаққининг мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин. Ундан кейинги ўринда мебель билан жиҳозланганлиги, комиссия олиниши, янги қурилганлиги каби омиллар туриши аниқланди. Хонадон жойлашган қават энг охирги ўринларда туришини бу сегментнинг лифтлар билан таъминлангани ва коммунал таъминотида муаммолар камлиги билан изоҳлаш мумкин, — дея таъкидланади хабарда.
Янги қурилаётган хонадонлар харидорларга кўпинча «қути» кўринишида ёки таъмирталаб ҳолатда топширилаётгани инобатга олинса, хонадон таннархида ер ва рухсат олиш билан боғлиқ харажатлар салмоғи катталиги маълум бўлади. Чунки, уй фасади, кириш йўлаги, лифт қулайликларидан ҳамма бирдек фойдаланади ва тўловдаги фарқ кўп ҳолларда хонадон майдони ҳисобига юзага келмоқда. Тегишли равишда, ер ва рухсат олиш билан боғлиқ бошқа тўловларни камайтириш хонадонлар нархининг пасайишига олиб келиши мумкин. Масалан, бундай харажат ва хонадонлар нархи ўртасидаги боғлиқлик АҚШ, Хитойда кузатилган.
Таъкидланишича, 2023 йилнинг 26 январидан Қозоғистонда кучга кирган янги иммиграция қоидаларига кўра, Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирган мамлакатларнинг фуқаролари учун ҳар 180 кунда фақат 90 кун туришга рухсат берилади. Мобилизация эълон қилингандан кейин ўтган йил охиригача россиялик 36 минг фуқаро Қозоғистонга вақтинчалик жойлашган. Тегишли равишда, қўшни давлатлардаги бундай ўзгаришлар Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорига таъсир қилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда квартиралардан ижарачиларни мажбурлаб чиқариб юбориш ва нархни асоссиз ошириш ҳолатларига изоҳ берилганди. Таъкидланишича, ижара шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади. Ижара шартномасини ижарага берувчининг талаби билан бекор қилиш муайян асосларга кўра фақат суд тартибида амалга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистондаги талабаларга икки ойлик ижара ҳақи ҳеч қандай шартномасиз тўлаб берилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида йил бошидан буён 1 квадрат метр учун квартиранинг ўртача ижара нархи 22,4 фоизга ошгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида хориж фуқароларининг, жумладан, россияликларнинг кўплаб келаётгани боис квартиралар ижара ҳақи сўнгги икки ойда икки баробарга қимматлашганди. Кейинроқ Адлия вазирлиги уй-жой эгаларининг ушбу ҳаракатлари қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилишига сабаб бўлиши ҳамда квартираларни ижарага беришнинг айрим муҳим ҳуқуқий асослари тўғрисида эслатма берган.