Депозитлар ўрнига қорамол ва машина: ўзбекистонликлар ўз жамғармаларини нимада сақлайди?
Ўзбекистонда 2021 йилда катта ёшли аҳолининг атиги 3 фоизи ўз жамғармаларини банкда сақлаган бўлиб, бу фуқароларнинг мамлакат молиявий тизимига ишончи паст даражада эканини билдиради. Бу ҳақда Жаҳон банки мутахассисларининг янги мақоласида келтирилган. Қайд этилишича, ўзбекистонликлар бошқа ривожланаётган мамлакатлар аҳолиси каби маблағ жамғариб борсада, уларнинг аксарияти банк ҳисоб рақамлари ва омонатлардан кўра чорва моллари, олтин, валюта ва автомобиль каби активларга сармоя киритишни афзал кўради.
«Биз банклардан унчалик фойдаланмаймиз, чунки бу ерда у шундай ишлайди. Биз бошқа йўллар билан жамғарамиз: чорва молларини сотиб оламиз, боқамиз ва сотамиз. Ёки биз чет эл валютасини сотиб оламиз — у ҳеч қачон арзонлашмайди», — Фарғона вилоятида яшовчи фуқаронинг сўзларидан иқтибос келтиради Жаҳон банки.
Жаҳон банк экспертлари бунинг сабабини Ўзбекистонда фуқаролар учун молиявий хизматлар мавжудлиги узоқ вақтдан бери эътибордан четда қолаётганида кўрмоқда. Мамлакат банк секторида давлат тижорат банклари устунлик қилган бўлиб, улар тарихан иқтисодиётнинг устувор тармоқларида асосан давлат корхоналарига хизмат кўрсатган. Вазият 2017 йилда ўзгара бошлади.
«Расмий жамғармаларни ишлатган ҳолда молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш одамларнинг иқтисодий имкониятлари, шунингдек, инсон капитали, силкинишларга бардошлилик ва умумий фаровонликнинг ривожланишида ҳал қилувчи аҳамият касб кетади», — дейилади Жаҳон банки хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистондаги банклар 9 ой давомида фуқаролардан қарийб 9 млрд долларлик хорижий валюта сотиб олгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларнинг банклардаги омонатлари ҳажми 1 декабрь ҳолатига кўра, 216,5 триллион сўмни ташкил этган. Муддатли омонатларнинг ўртача даромадлилиги пасайганига қарамай, банклардаги жисмоний ва юридик шахсларнинг омонатларининг умумий миқдори октябрь ойидаги пасайишдан кейин ноябрь ойида ошди. Хусусан, ой давомида банклардаги депозит ҳажми 4,8 фоизга ошиб, 216,5 триллион сўмни ташкил қилган.