Ерга «яшил комета» яқинлашди. У охирги марта 50 минг йил олдин бундай яқин масофага келган
Ерга минимал даражада яқин масофадан 1 февраль куни C/2022 E2 (ZTF) кометаси учиб ўтди, деб хабар беради Meduza. Осмон жисми ядроси атрофида ҳозил бўлган газ ва чанг булути сабаб журналистлар уни «яшил комета» дея атамоқда. C/2022 E2 (ZTF) кометаси ва Ер орасидаги минимал масофа 42 миллион километрни ташкил этади — бу Ойгача бўлган масофадан 100 баробар кўп демак.
Ушбу комета узоқ даврлилар синфига мансуб, яъни у сайёра яқинидан кейинги сафар 50 минг йилдан кейин учиб ўтади. Нашрнинг ёзишича, Шимолий яримшарда яшовчи аҳоли бинокол каби оддий оптик қурилма ёрдамида ҳам кометани кўра олади. Уни Катта ва Кичик айиқ юлдуз туркумлари орасидан, Қутб юлдузи яқинидан қидириш керак.
Комета ядро ва чанг ҳамда газ «изидан» иборат — ядро музлаб қолган сув ва оз миқдордаги чангга эга бўлган бошқа учувчи бирикмалардан таркиб топган. Қуёшга яқинлашилган вақтда муз буғланишни бошлайди ва комета артофини газ ва чанг булутлари қоплайди. Сўнгги йилларда Шимолий яримшар аҳолиси осмон жисмларини кам кузатмоқда. Охирги марта катта ва ёрқин комета C/1995 О1 1997 йилда учиб ўтган. Қуёш тизимига кирадиган C/2006 P1 (Макнота) ва C/2011 W3 (Лавжоя) каби кометаларни Ернинг Жанубий ярим шаридан кузатиш мумкин бўлган. 2020 йилда шимол осмонидан C/2020 F3 учиб ўтганди, аммо уни ҳам пайқаш қийин эди.
Аввалроқ Ерга 2022 йил 1 ноябрь куни Дубайдаги Бурж Халифа осмонўпар биноси катталигидаги астероид яқинлашганди. 2022 RM4 деб номланган космик объектнинг диаметри тахминан 740 метрга тенг эди. NASA мутахассислари уни катталиги ва сайёра ёнидан мунтазам парвозлари туфайли «потенциал хавфли астероид» деб таснифлаган.