Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ шахс ОИВ касаллиги билан яшаётгани маълум қилинди
Ўзбекистонда ОИВ билан касалланган 45 мингдан ортиқ шахслар яшаб келмоқда. Ушбу касаллик тузалмас дард бўлиб, шу инфекцияга чалинган беморлар умри охиригача вирусга қарши дори препаратларини қабул қилиб юриши зарур. Республика бўйича ОИВ инфекциясига текширувлар сони 2022 йилда 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 бараварга ортган. Бу ҳақда Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори ўринбосари Гулифор Нормуродова АОКАда ўтказилган брифинг давомида маълум қилган.
Мавзуга доир: ОИВ инфекциясини даволашнинг янги усули топилди
Ҳукумат томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80 фоизгача етказилгани, барча беморларга дори воситаларини бериб бориш йўлга қўйилгани, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашишга 120 миллиард сўм ва 54 миллионн доллар йўналтирилгани маълум қилинган. Ушбу ишлар Президентнинг «Аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури» доирасида амалга оширилган. Дастур доирасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида ҳар йили камида 3 млн аҳоли текширувлар билан қамраб олинади ва бунинг учун 11,4 млн дона диагностик тест-тизимлари харид қилинади.
Шунингдек, 2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, йил якунига қадар эса бошқа ҳудудларда ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича электрон маълумот алмашинув тизими жорий этилади.
Маълумот ўрнида, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикада рўйхатга олинган ОИВ билан касалланганлар сони 45 минг нафарни ташкил этмоқда. ОИВни юқтириб олган шахсларнинг аксарият қисми махсус антиретровирус даволаш билан қамраб олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрда Шавкат Мирзиёев фтизиатрия ва пульмонология соҳасини ривожлантириш, ОИТС касаллигининг олдини олиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказганди. Ўшанда Тошкент шаҳри, Андижон ва Самарқанд вилоятларида ОИТС билан касалланиш ҳолатлари юқорилигича қолаётгани айтилган эди.