Расул Кушербаев табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси бўлди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлигида иш бошлади. Бу ҳақда Кушербаевнинг ўзи Telegram’даги каналига ёзиб қолдирди. У Азиз Абдуҳакимовга маслаҳатчи бўлади.

«Табиат ресурслари вазирига маслаҳатчи сифатида фаолиятимни давом эттирадиган бўлдим. Энди она табиатни асраш йўлида мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун ўйлаб юрган кўплаб режаларни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Энг муҳими жамоатчиликдан, одамлардан узилиш бўлмайди. Бундан буён ҳам мамлакат ривожи, келажаги, тақдири йўлидаги масалаларда фаол иштирок этишдан тўхтамайман. Асосий ишлар ҳали олдинда», — деб ёзади собиқ депутат.
Кушербаев Gazeta.uz’га берган интервьюсида унга Президент Администрациясидан ушбу лавозим таклиф қилинганини айтган.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 31 январдаги қарори билан Обиджон Қудратов табиат ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар у Туризм, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти мудири лавозимида фаолият юритган.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги
Бундан ташқари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган Жусипбек Казбеков табиат ресурслари вазирининг ўринбосари, Шерзод Хабибуллаев эса Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги директори лавозимига тайинланган. Хабибуллаев мазкур тайинловга қадар Гидрометеорология хизмати бош директори лавозимида фаолият юритган.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги
Мавзуга доир: Расул Кушербаев ўзининг Тошкент ҳокими этиб тайинланиши ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди
Эслатиб ўтамиз, декабрь охирларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини якунлашини маълум қилганди. «Депутатлик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Бундай ишлай олмас эканман. Бунга мажбур бўлганимдан афсусдаман. Ишонч билдирган, қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат! Розинг бўлинглар. Насиб қилса қолганини вақт кўрсатади. Аллоҳ мададкор бўлсин», — деб ёзганди Кушербаев.
Кейинроқ Марказий Сайлов комиссияси йиғилишида комиссия аъзолар бир овоздан унинг мандатини тугатишни қўллаганди. Қаршилар бўлмаган.