Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши мумкин
Ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Фарғона водийси вилоятларида бўлиб турган Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни Андижон шаҳрида ўтказилган йиғилишда Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди, дея хабар берди ЎзА.
«Афсуски ўз вақтида Сўхдаги ерости газ сақлаш иншооти айрим сабаблар билан ёпиб қўйилган эди. Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Садир Жапаров билан бу масалада ҳам келишиб олдик. Яқинда энергетика вазиримиз Қирғизистонга бориб, техник томонларини келишиб келади», — деди Президент.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, ушбу ерости газ сақлаш иншооти ишга туширилса, Фарғона водийси вилоятлари ҳар куни 13 млн куб метр газ билан таъминланиши мумкин.
«Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншоотининг ҳажми тахминан 2,5-3 миллиард куб метр атрофида. Шундан 1,3 миллиард куб метр газдан фойдаланиш мумкин, қолгани буфер зонада туради. Бу дегани қиш мавсумида водийни 13 миллион куб метр газ билан таъминлаш имкониятимиз бўлади», — деган энергетика вазири.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда 2022 йилда газ қазиб олиш ҳажми камайди
Энергетика вазирининг сўзларига кўра, мазкур иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистон ҳудудида жойлашган, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Шу сабабли иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади.
«Энг аввало ишчи гуруҳ барча техник ва иқтисодий томонларини батафсил ўрганиб чиқади. Чунки иншоотдан анча йиллардан буён фойдаланилмаган, ҳозирги ҳолатини яхшилаб ўрганиб чиқишимиз керак. Шундан сўнг шартлар келишиб олинади. Балки бу ижара ҳуқуқи асосида бўлар, лекин ҳозирча бирор фикр айтишга эрта», — деган энергетика вазири.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Россия газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолаганди. Кейинчалик Энергетика вазирлиги «Газпром» билан имзоланган шартнома шартларини очиқлаб, Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинганганини маълум қилганди.