Табиат ресурслари вазири БМТ тизимидаги ташкилотлар вакиллари билан учрашди
Табиат ресурслари вазири Азиз Абдухакимов 1 февраль куни БМТ тизимидаги ташкилотлар (UNECE, UNEP, FAO) вакилларини қабул қилди. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув давомида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хусусан, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, чиқиндиларни бошқариш, ер деградацияси ҳамда сув ифлосланишининг олдини олиш каби муаммоларни бартараф этишда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни янада кучайтириш, бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, яшил иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш, бу борада илғор хорижий тажрибалардан самарали фойдаланиш, Табиат ресурслари вазирлиги негизида экотаълим ва маданиятни жорий этиш, ушбу масалаларни амалга оширишда хорижий эксперт ва профессорларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда октябрда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси (SMS)нинг 14-Томонлар (COP-14) конференциясига иштирок этиш учун меҳмонлар таклиф этилди ҳамда ушбу анжуманни ҳамкорликда ўтказишга келишиб олинди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида экология бўйича ўзаро англашув баёноти имзолангани ҳақида хабар берилганди.