Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибига ўзгартириш киритилиши мумкин
Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 15-, 31-, 71-, 81-бандлари, ҳамда «Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 1-иловасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.
Мавзуга доир: Ҳарбий хизматчилар орасидан пенционерларни лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига ишга қабул қилиш тартиби бекор қилинади
Мазкур низомга киритилаётган ўзгаришга кўра, эндиликда Қуролли кучлар академияси бакалавриат босқичининг «Қўшинларнинг тактик қўмондонлиги» таълим йўналиши бўйича ўқишга номзодларни қабул қилишда ҳарбий-профессионал йўналтириш ва дастлабки саралаб олиш тадбирларининг кетма-кетлиги ҳамда муддатлари Амир Темур номидаги Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ҳамда ДХХнинг ички идоравий ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Шунингдек, эндиликда ўқишни Қуролли кучлар академиясининг «Психология» таълим йўналишида давом эттирмоқчи бўлган талабгорлар ҳам тегишли равишда таълим йўналишидаги 5 та фандан тест синовларини топширади. Олдинги низомда фақатгина Алоқа ҳарбий институти ҳамда Ҳарбий тиббиёт академияси учун 5 та фандан тест синовларини топшириш белгилаб қўйилганди.
Бундан ташқари, Қуролли кучлар академиясининг «Психология» таълим йўналишида таҳсил олишга яроқсиз деб топилган курсантлар ҳам ОҲТМ курсантлари рўйхатидан чиқарилади ва дастлаб ўқишга кирган олий таълим муассасаларига ўқишни давом эттириш учун юборилади.