Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилди
Шавкат Мирзиёев 31 январь куни «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларини қуроллантириш ва мудофаа саноати соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Қарор билан Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилади. Ушбу тузилма махсус органларни қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника билан таъминлашнинг яқин, ўрта ва узоқ истиқболларини белгилайди ҳамда бу борада тегишли дастурларни кўриб чиқиб, тасдиқлайди. Шунингдек, у махсус органларни ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлашни молиялаштириш масалаларини кўриб чиқиб, унинг манбаларини белгилайди ҳамда давлат мудофаа буюртмасини тасдиқлайди.
Мавзуга доир: «Ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ривожлантирилади» — Шавкат Мирзиёев
Бундан ташқари, ушбу комиссия уруш даври учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарига сафарбарлик топшириғини бириктириш бўйича таклифларни, махсус органларни қуроллантириш ва мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар бажарилишини кўриб чиқади ҳамда ҳарбий-техник мол-мулкнинг стратегик захираларини яратиш чораларини амалга оширади.
Қайд этилишича, давлат комиссияси раиси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳисобланади.
Шунингдек, ҳужжат билан Мудофаа саноати давлат қўмитаси негизида Мудофаа саноати агентлиги ҳамда Инвестисиялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида O‘ztextreyd давлат унитар корхонаси ташкил этилади. O‘ztextreyd ДУК ҳарбий мақсадларга мўлжалланган маҳсулотларни яратиш, ишлаб чиқариш, модернизация қилиш, шунингдек, хорижда ишлаб чиқариладиган ҳарбий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда фойдаланишдан чиқарилган ҳарбий маҳсулотларни экспорт қилиш билан шуғулланади.
Аввалроқ АҚШдаги хусусий Global Firepower ташкилоти анъанавий равишда ҳар йили эълон қилинадиган дунёнинг энг кучли армиялари рўйхатини эълон қилганди. Унга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаган.