Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Украина элчиси билан учрашди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов 2 февраль куни Украинанинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенкони қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув давомида турли соҳалардаги Ўзбекистон—Украина икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, савдо-иқтисодий йўналишда алоқаларни жадаллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилган. Аввалроқ, 2022 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоев Украинанинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко билан ТИВда бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ишбилармон доираларига ўзаро имтиёз ва преференциялар бериш масалаларини муҳокама қилганди.
Мавзуга доир: Украина Мудофаа вазирлиги вакили Ўзбекистонни Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришда айблади
Сентябрь ойида Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Марказий Осиёлик журналистларга берган интервьюсида унинг мамлакати ҳозирги шароитда ҳам Ўзбекистон билан муносабатларни имкон қадар ривожлантиришга тайёр эканини айтганди.
«Уруш ўз йўлига, аммо ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ ва биз олдинга интилишимиз, биргаликда нима қилишимиз мумкинлигини излашимиз керак. Биз [барча келишувлар] кучда қолиши ва ривожланиши, янги шартномалар тузиб, уларни амалга ошириш тарафдоримиз. Биз ўзбек бизнеси билан жуда яхши алоқадамиз, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот бор», деганди Дмитрий Кулеба.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон апрель ойида Украинанинг Карпаторти вилоятига дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат 34 тоннали инсонпарварлик ёрдами жўнатганди. Июнь ойида эса Украинага қиймати 1 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами юборилган.