Тошкентда 35 та метан «заправка» фаолияти қайта тикланди
Тошкент шаҳрида 3 февраль куни ҳолатига кўра 35 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти қайта тикланди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз пойтахт» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди. АГТКШлар фаолиятидаги вақт чекловлари газ қувурларида босимнинг кўтарилиб боришига мос равишда ўзгартириб борилади.

Декабрь бошидан Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли шаҳарнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилди — коммунал хизматлар мавжуд газ заҳирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмади. «Ўзтрансгаз» январь ўрталарида об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, республикадаги барча АГТКШлар одатдаги иш тартибида ишлай бошлашини маълум қилганди.
Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Наманган вилоятида тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига беш баробар кўпроқ газ етказилишини айтди. Қайд этилишича, бир ҳафта ичида метан ёнилғи қуйиш шохобчалари кунига ҳозирги 1 миллион ўрнига 5 миллион кубометр газ олади. Умуман олганда, саноат ва хизмат кўрсатишни тиклаш учун республика бўйича кунига 80 миллион куб метр газ ва 126 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёдаги газ «заправкалар»га чекловлар жорий этилгани, Фарғона водийсида автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти қисқартирилгани ҳамда давлат ташкилотлари машиналарига метан газ қуйиш тақиқлангани ҳақида хабар берилганди.