Трамвай орқали 2022 йилда ташилган йўловчилар сони маълум бўлди
Ўзбекистонда 2022 йилда трамвайда қарийб 3 миллион йўловчи ташилган. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2021 йил билан солиштирганда 654,3 мингга ошган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда трамвайлар ҳаракати фақат Самарқанд шаҳрида йўлга қўйилган. 2016 йил 5 октябрь куни ўша пайтда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида вилоят марказида замонавий трамвай линиялари барпо этилиши лозимлиги, 2017 йилнинг Наврўз байрамигача шаҳарда трамвай йўналишини ишга тушириш зарурлиги таъкидланди. «Газета.uz»нинг хабарида айтилишича, трамвай линияси Сиёб бозоридан Сартепа массивигача ўтказилади.
«Бу ғоя шаҳар аҳолисини қувонтирди. Трамвай экологик тоза, иқтисодий камхарж ва оммабоп транспорт», — дейилган «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида.
Шундан сўнг, Twitter фойдаланувчилари 2017 йилнинг март ойида Самарқанд шаҳри йўлларида трамвай ҳаракати бошлангани акс этган суратларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиришни бошлади.
Тошкент шаҳри трамвайдан 2008 йилда воз кечишни бошлаган бўлиб, ўшанда 3, 6, 29 рақамли трамвай йўналишлари ёпилган. Шундан сўнг бошқа йўналишлар ҳам навбати билан ёпилиб, 2016 йил 2 май куни 17-йўналишда ҳаракатланувчи 2006 рақамли «VarioLF» трамвай вагони 2-трамвай депосига кириб келган ва шу тариқа шаҳарнинг 115 йиллик тарихга эга трамвай тизими фаолияти якунланган. Кераксиз бўлиб қолган трамвай линиялари эса 2016-2017 йиллар давомида демонтаж қилинган.
Кейинчалик 2022 йил 2 февраль куни Шавкат Мирзиёев Самарқандга қилган ташрифи давомида яқинда Тошкентга трамвай қайтишини маълум қилганди. Таъкидланишича, Президент Самарқандда янги қурилган ерости тоннели, йўлларни кўздан кечира туриб, хавфсиз йўл, хавфсиз пиёда концепциясини яратиш ҳақида сўзлаган ва шундай деган: «Яқинда Тошкентда тезлик кўпи билан 60 км/соатгача белгилангани ҳақида қарор чиқади».
Орадан вақт ўтиб, ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий кўчасида трамвай йўлларини ётқизиш ишлари бошлангани айтилган хабарлар тарқалган. Бироқ, «Тошшаҳартрансхизмат» ушбу ҳудуддаги ишлар трамвай йўли ётқизилиши учун амалга оширилмаганини «Bugun.uz»га маълум қилганди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида 2022 йил 16 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида ҳоким ўринбосари (ҳозирги кунда ҳоким вазифасини бажарувчи – таҳр.) Бахтиёр Раҳмонов Навоий кўчасида трамвай бўлмаслигини маълум қилганди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси «Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирганди. Мазкур концепцияда шаҳар жамоат транспортини мазкур давр мобайнида қандай ўзгаришлар кутаётгани қайд этилган бўлиб, унда трамвай фаолиятини қайта тиклаш назарда тутилмагани маълум қилинганди.
Бироқ, «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган «Менимча» телелойиҳасида Тошкент жамоат транспортидаги муаммоларни ҳал қилиш учун трамвайлар фаолиятини тиклаш таклиф қилинганди. Кейинчалик Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилнинг 21-22 ноябрь кунлари амалга оширилган Францияга ташрифи чоғида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Франция Ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги фуқаролар бўйича вазирлиги ўртасида Тошкент трамвай тизими лойиҳаси бўйича келишув имзоланган. Шартномага биноан Тошкентда трамвай тизими француз транспорт компанияси томонидан лойиҳалаштирилади. Жумладан, учта йўналиш режалаштирилаётгани ва энг аввало «Янги Ўзбекистон» боғигача трамвай линияси олиб бориш бўйича лойиҳа ишлари бошлангани маълум қилинганди.
Маълумот учун, Тошкент шаҳридан олдин Ўзбекистон пойтахти ҳисобланган Самарқандда — метродан бошқа барча ер усти жамоат транспорти фаолият юритган Ўзбекистондаги кам сонли шаҳарлардан бири ҳисобланади. Жумладан, Самарқандда 1947 йилдан 1973 йилгача трамвай тармоғи фаолият кўрсатган. 1973 йилдан кейин шаҳарда трамвай фаолияти бутунлай тўхтилганди.
Марказий Осиёда энг биринчи трамвай линиялари Тошкент шаҳрида қурилган. Хусусан, 1912 йил 29 декабрь куни Тошкентда илк электр трамвай йўли ишга туширилади. Мазкур тизим Марказий Осиёдаги биринчи ва энг каттаси бўлган. Шундан кейин Олмаотада ҳам 1937 йилда трамвай очилади.