Туркияга 2022 йилда 51,4 млн сайёҳ ташриф буюрди
Туркия божхона маълумотларига кўра, 2022 йилда Туркияга ташриф буюрган сайёҳлар сони 51,4 миллион кишини ташкил этган. Бу Туркия учун пандемиядан олдинги рекорд йил бўлган 2019 йилдаги 51,8 миллион сайёҳнинг 99 фоизини ташкил этади. Ушбу кўрсаткич билан Туркия дунёнинг учинчи йирик туризм бозорига айланди.

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг сўзларига кўра, 2022 йилда Туркиянинг туризмдан тушган даромади 2019 йилга нисбатан 19 фоизга ошиб, 46,3 миллиард долларга етган.
«Бу натижалар Туркиянинг пандемиядан кейин ‘кучли’ қайтганидан далолат беради ва биз 90 миллион сайёҳни олиб келишга, шунингдек, 2028 йил охиригача туризмдан миллиардлаб даромад олишимизга ишончимиз комил», — дейди Эрсой.
Шунингдек, Туркия Маданият ва туризм вазири сўзларига кўра, Туркия келгуси беш йил ичида ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун бозорни диверсификация қилиш, миллий маҳсулотларини глобал реклама қилиш ҳамда брендлаш ва барқарор туризм экотизимини яратишга эътибор қаратади.
«GSTC билан келишувимиз 2030 йил охиригача 3 босқичли режани белгилаб беради ва шу вақтга келиб биз мамлакатимизда 100 фоиз барқарор туризм экотизимига эга бўламиз. 2028 йил охирига келиб мамлакатимизнинг бутун туризм ва маданият таклифини бутун дунёга тақдим этадиган жами 9 та йўналиш ва 20 та маҳсулот суббрендига эга бўламиз. Шу тариқа 2028 йилгача маркетинг коммуникациялари учун 225 миллион долларлик бюджет билан фаолият юритамиз», — дейди Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой.
Қайд этилишича, Туркия туризмни тарғиб қилиш фаолиятида велосипед туризми, гастрономия ва спорт туризмига асосий эътибор қаратишни режалаштирмоқда. Унга кўра, Туркия соғлиқни сақлаш туризмига ҳам алоҳида эътибор қаратади ҳамда йилнинг 12 ойи давомида ўзининг 81 шаҳрига туризм таъминотини диверсификация қилади. Бундан ташқари, мамлакат дунёдаги энг қадимги неолит обидаси бўлган «Таш Тепелер» ҳудудида археологик қазишмаларини давом эттиришни ҳамда Анталия, Гўреме-Кападокия, Пергамон ва Измирдаги Асклепион ва Ликия йўлида янги археологик паркларни ишга туширишни режалаштирган