Bloomberg ўз платформалари орқали Ўзбекистоннинг бизнес ҳамда сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилмоқчи
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Bloomberg раҳбари Марк Сапуто ҳамда Америка медиахолдинги экспертлари билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё». Учрашувда Ўзбекистоннинг савдо-инвестиция имкониятлари ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш, шунингдек, маҳаллий медиакомпаниялар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишда медиахолдинг контент ресурсларидан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон томони Bloomberg компанияси вакилларига мамлакатда медиа-индустрияни ривожлантириш, журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, шунингдек, ОАВ фаолиятини тартибга солиш ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан янги ёндошувлар ҳақидаги маълумот берди. Bloomberg таҳририяти ўзининг медиахолдинг мультимедиа платформалари, телевидение, радио, рақамли ва босма оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистоннинг бизнес имкониятлари ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этишга тайёрлигини билдирган.
Мавзуга доир: Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти MATTA онлайн туризм платформаси орқали тарғиб қилинади
Бундан ташқари, Bloomberg таҳририяти ўзининг кўп миллионли аудиторияси учун сифатли медиа-контент яратиш мақсадида Ўзбекистонга бориш ниятидалигини маълум қилган.
Аввалроқ футбол бўйича Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб қилингани ҳақида хабар берилганди.