«Украина ҳарбийларига қурол етказиб бериш ва уларни тайёрлашда ‘вақт билан пойга’ кетмоқда» — NYT
Ғарб мамлакатлари Украинага ваъда қилинган қуролланишларнинг катта қисми украин ҳарбий хизматчиларидан жиддий тайёргарлик талаб этади ва одатда бунга ойлаб вақт кетади, деб ёзади The New York Times. НАТО бош котибининг собиқ ёрдамчиси генерал-лейтенант Генрих Браусснинг айтишича, ҳозирда «вақт билан пойга» кетмоқда.
Қайд этилишича, аниқ етказиб бериш билан боғлиқ муддатлар қуролларнинг турига боғлиқ. Масалан, Пентагон ваъда қилган 150 километрдан ортиқ узоқликдаги нишонларни яксон қилишга қодир GLSDB ракеталарининг аксарият қисми ҳали ишлаб ҳам чиқарилмаган. Ушбу қуроллар юқори аниқликда бошқарилувчи GBU-39 авиабомбалар ва ракета двигателлари авиабомаларидан иборат. Жанговар ракеталарни ер устида фойдаланишга мўлжалланган М270 ва HIMARS ракета комплексларидан ҳам учириш мумкин.
Аввалроқ Bloomberg Қўшма Штатлар Украинага тақдим этадиган ҳарбий ёрдам пакетидан узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги қурол-яроқлар ҳам ўрин олишини тасдиқлаганди. Аммо уларни ва бошқа қуролланишларни Украинага топшириш узоқ муддат — 10 ой вақт талаб этади. Boeing’дан ушбу ракеталарни харид қилишга 200 миллион доллар ажратилган.
Ваъда қилинган бошқа қуроллардан ҳам фойдаланиш махсус тайёргарлик талаб этади. Масалан, немисларнинг Leopard 2, британларнинг Challenger, америкаликларнинг Abrams танкларини бошқаришга уч ойдан 1 йилгача тайёргарликдан ўтиш керак. Аммо Европа давлатлари Leopard 2 танкларини бошқарадиган Украина экипажлари тайёргарлигини 5 ҳафатагача қисқартириш ниятида.
Бундан ташқари, Американинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Patriot’ни бошқаришни ўрганишга 1 йилга яқин вақт керак. Пентагон матбуот котиби Пат Райдер январь ойида АҚШ Оклахома штатидаги Форт-Силл пиёда қўшинлар базасида украина ҳарбийларини тайёрлашни бошлашини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил бош вазири Украинага «Темир қубба» тизими етказиб берилишини истисно этмаганди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Нетаняхунинг сўзларига муносабат билдириб, «қурол-яроғ етказиб беришга бўлган барча уринишлар, ҳатто ниятлар даражасида бўлса ҳам, инқирознинг кучайишига олиб келишини» айтган.