Эксклюзив: телефонидан диний қўшиқ топилган 21 ёшли йигит қамоқда калтакланганми?
Bugun.uz таҳририяти Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси кўмагида Сардор Раҳмонқулов билан интервью ташкил қилиб, Раҳмонқулов қийноққа солиниб, орган ходимлари томонидан калтаклангани, унинг ҳозирги аҳволи, ростдан ҳам айбдорми, деган шу ва бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Сардор Раҳмонқуловга кўра, қамоқда унга кеч қандай руҳий тазйиқ ўтказилмаган, куч ишлатилмаган.
«Йўқ, менга ҳеч қандай тазйиқлар бўлмади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ёлғон, чунки ҳеч қанақа руҳий, жисмоний босим бўлгани йўқ. Мен бундай тарқатилаётган ёлғон хабарлар тўхтатилишини хоҳлайман. Қамоққа олинишим сабаби — 2020 йилда ҳаётий муаммоларим туфайли диний мазмундаги тақиқланган маърузалар тинглаб, уларни қўллаб-қувватлашни бошлаганман. Айнан бузуқлик ғоялари ва шаҳидликка доир маърузалар тинглаганман. Ҳаммаси шундан бошланган», — дейди Сардор Раҳмонқулов.
Айбланувчининг онаси BBC Ўзбек хизматига маълум қилишича, ўғли судда тергов жараёнида ўзига нисбатан қийноқлар қўлланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, судья бу даъволарни эътиборга олмаган. Тошкент шаҳар судлари расмий ахборотида Сардор Раҳмонқулов дастлабки тергов жараёнида қийноққа солингани ҳақида кўрсатма бермагани ва важлар келтирмагани айтилади.
Битта диний қўшиқ учун ёш йигитнинг 5 йилга қамалиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев қўл остидагиларга ҳолатни ўрганишни топширди. «Агар ижобий хулоса бўлса ва кечикмаган бўлсак, албатта, ёрдам берамиз», — деб изоҳ қолдирган Саъдуллаев.
Маълумот учун, Сардор Раҳмонқулов қамоққа олингунга қадар SMM менежер бўлиб ишлаган, Тошкент давлат техника университетининг 4-курс талабаси бўлган.