Амрилло Иноятовнинг гаплари коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракат деб баҳоланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши соғлиқни сақлаш вазирининг «Беморга меҳр билан ёндошсангиз, рози бўлиб, ўзи сизга бериб кетади» мазмунида гапларига муносабат билдирди.
Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияни камайтириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, кенг жамоатчиликнинг, хусусан, агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб турибди. Шу боисдан 25 январь куни масъул тузилмалар ҳамда агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, ОАВ вакиллари иштирокида мулоқот ташкил этилиб, коррупцияни бартараф этишга қаратилган аниқ чоралар белгилаб олинган.
Жамоатчилик кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг коррупциянинг олдини олиш бўйича бошлаган ишларини қўллаб-қувватлашини билдирган.
«Шу билан бирга, шарафли касб эгалари – шифокорларни рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида беморлар берган маблағнинг эътироф этилишини қонунчиликка ва мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракат сифатида қайд этади. Мазкур таклиф тизимда коррупциявий жиноятлар сонининг ортишига ҳамда шифокор касби мавқеининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади», — дея таъкидланади хабарда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қўшма баёнотида «Тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш, бунда, тиббиёт ходимлари малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш» белгиланган.
«Жамоатчилик кенгаши шифокорларни рағбатлантиришда беморлардан пул олиш сингари (ихтиёрий ёки ихтиёрий эмаслигидан қатъий назар) ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ҳамда ҳақ тўлашнинг тоифаланган механизмини жорий этиш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосий мақсади бўлиши лозимлигини билдиради. Шунингдек, ушбу масала устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини маълум қилади», — дейилади муносабатда.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов шифокорлар ҳамда ОАВ вакиллари билан учрашиб, улар билан коррупциянинг олдини олиш мавсузида суҳбатда беморларнинг ўзи рози бўлиб пул бериб кетиши ҳақида гапирганди. «Беморларни ҳам кўрикдан ўтказасизми? Шу беморга агар меҳр билан қарасангиз, рози бўлиб ўзи сизга ʼбаракасиниʼ бериб кетади, сўрамасангиз ҳам, тўғрими? Вазир сифатида буни айтиш қанчалик тўғри, лекин мен очиқ-ойдин айтаяпман. Етмайдими?», — дейди вазир.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов томонидан 2023 йил тизимда «Коррупцияга қарши кураш йили» деб эълон қилингани ҳақида хабар берилганди. Эндиликда Иноятовнинг (91) 403 17 73 шахсий телефон рақами орқали соҳадаги коррупциявий ҳолатлар юзасидан аниқ факт ва далилларга асосланган мурожаатларни юбориш мумкин бўлди, дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.