АҚШ Ўзбекистондан виза учун берилган аризаларнинг 47 фоизи рад этгани маълум бўлди
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 2022 йилда мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароларининг 47,04 фоизига «B» тоифали визалар (сайёҳлик ва бизнес визалари) беришни рад этган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида келтирилган.
Қайд этилишича, бу ўзбекистонликларнинг 45,98 фоизига виза берилмаган 2021 йилдаги рақамларга қараганда ёмонроқ кўрсаткич, аммо пандемия бошланган 2020 йил (74,14 фоиз), 2019 йил (68,06 фоиз), 2018 йил (61,76 фоиз) ва 2017 йилдагидан (50,29 фоиз) яхшироқ ҳисобланади.
2022 йил якунига кўра, Марказий Осиё мамлакатларида Ўзбекистон визани рад этиш бўйича Тожикистондан кейин иккинчи ўринда қайд этилган, бунда 57,03 фоиз ҳолларда рухсатнома берилмаганини кўриш мумкин. Қирғизистонда рад этишлар улуши 37,85 фоизни, Қозоғистонда 44,02 фоизни, Туркманистонда 35,69 фоизни ташкил этган.
МДҲнинг бошқа давлатларида визалар кўпроқ берилади: Озарбайжон — 23,54 фоиз, Беларусь — 26,05 фоиз, Россия — 26,18 фоиз, Арманистон — 37,87 фоиз, Украина — 41,27 фоиз (ўтган йили 15,15 фоиз эди).
АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Дэниел Розенблюм 2019 йилда ўзбекистонликлар кўпинча визани муддатидан ўтказиб юборишини таъкидлаганди. «Шунинг учун биз ҳар бир одамни батафсил ўрганишимиз ва унинг визаси муддатидан ўтиб кетмаслигига ва мамлакатда ноқонуний муҳожир бўлиб қолмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак», — деганди дипломат.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил давомида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси консуллик бўлими бутун дунё бўйлаб турли миллатларга мансуб иммигрантлар учун тасдиқланган визалар (5511) сони бўйича бешинчи ўринни эгаллаган. Биринчи ўринда Миср (5529) ва Жазоир (5526) турибди.