Нукус воқеалари бўйича судланган собиқ ИИБ ходими Полат Шамшетов вафот этди
Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларни ўрганиш ва мустақил текширув ўтказиш бўйича тузилган парламент комиссияси Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Полат Шамшетов вафоти бўйича ўрганиш олиб боришини маълум қилди.

Одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилганликда айбланиб, 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Полат Шамшетов 4 февраль куни эрта тонгда тахминан юрак хуружидан вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича мустақил комиссия аъзолари 6 февраль куни Бухоро вилоятига бориб, ўлим ҳолати сабабларини, жумладан ҳибсхонадаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий ҳулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганади. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказилади.
Комиссия аъзолари марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Шамшетов вафот этган ҳодиса жой Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Мазкур кўздан кечириш жараёнларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Полат Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланган. Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.
Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Полат Шамшетовга 2 июль куни «одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлганлиги» ҳақида айблов қўйилганди. Судда у кўчага нима бўлаётганини кўриш учун чиққанини таъкидлаганди. «Мақсад шунчаки ўз кўзим билан кўриш бўлган», — деганди у.
Ўша кунларда у меҳнат таътилида бўлган, бироқ 3 июль куни ишга чиққан, 11 июль куни эса ҳибсга олинган. Полат Шамшетов телефонда содир бўлаётган воқеалар ҳақида кўп гаплашганини тан олган, буни эса ўзининг вазифаси билан боғлиқлигини айтган.
«Суҳбатларнинг барча стенограммаси иш ҳужжатларида келтирилган ва уларда ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга чақирув йўқ», — деганди у.
Маълумот учун, Полат Шамшетов Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи. 31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга кўра, Полат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 45 (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57-моддалари қўлланиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Январь ойида суддаги мунозара пайтида унинг адвокати Парахмат Маратов (видео) Шамшетовга Жиноят кодексининг 244-моддаси бўйича эълон қилинган айбловни нотўғри деб атаганди, чунки унинг Даулетмурат Тажимуратов (ишдаги асосий фигурант) билан алоқаси, қолаверса, ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш мақсадида тартибсизликларни ташкиллаштириш юзасидан ҳеч қандай далил йўқ, деганди. Бундан ташқари, ҳимоячининг сўзларига кўра, Шамшетовга қарши ҳеч ким гувоҳлик бермаган.
Аввалроқ Human Rights Watch Ўзбекистонни Нукус воқеаларида бўлгани каби ўлим ва оғир жароҳатларнинг олдини олиш мақсадида оломонни назорат қилиш учун шовқин ва тутун чиқарувчи гранаталар қўлланиш тартибини зудлик билан қайта кўриб чиқишга ва уларни ИИО ходимлари жиҳозлари қаторидан четлаштиришга чақирганди.