Ўзбекистон ТИВ Туркиядаги зилзила юзасидан расмий баёнот берди
Туркия жанубида 6 февраль тонгида содир бўлган бир қатор зилзилалар оқибатида 76 киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур воқеа бўйича расмий баёнот берди.
«Туркиянинг бир қанча ҳудудларида кўплаб қурбонлар ва катта вайронагарчиликларга сабаб бўлган кучли зилзила ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз.
2023 йил 6 февраль Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмади», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Анқарадаги қлчихонаси (тел.: +90-312-441-38-71, +90-312-441-17-46) ва/ёки Истанбулдаги бош консулхонасига (тел.: +90-212-323-20-37, +90-212-323-20-39) мурожаат қилишлари мумкин.
Соат 04:17 да Туркиянинг Пазаржик туманида 7,4 магнитудали, 04:27 да Газиантеп вилоятидаги Нурдаги туманида 6,6 магнитудали ва 04:36 да шу вилоятнинг Ислаҳие вилоятида 6,5 магнитудали зилзила қайд этилди. Ҳодиса оқибатида камида 76 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда, бироқ қидирув-қутқарув ишлари давом этар экан, бу рақам ортиши мумкин.
Anadoluʼнинг ёзишича, терости силкинишлари Мисрдан Грузиягача бўлган қатор бошқа мамлакатларда ҳам сезилган. Сана агентлиги келтирган расмий маълумотларга кўра, Сурия шимолида ҳам камида 42 киши ҳалок бўлган ва 200 киши яраланган.