Ўзбекистонда ҳафтанинг иккинчи ярмидан ҳаво яна совий бошлайди
Ўзбекистон ҳудудига маркази Россиянинг Европа қисми устида шаклланган совуқ антитциклон қисми кириб келади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 6-7 февраль кунлари Ўзбекистон ҳудуди илиқ ҳаво массаси таъсири остида бўлади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 6 февралда республика жанубида, 7 февралда Фарғона водийси вилоятларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 6 февралда +7…+12 даража, 7 февралда +10…+15 даража, баъзи жойларда +18 даражагача бўлади.
8 февраль куни Ўзбекистон ҳудудига Ўрта денгиз ҳудудларидан нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси +2…+7 даража, кундузи +10…+15 даража атрофида, баъзи жойларда +17…+20 даражагача бўлади.
9−10 февралда Ўзбекистон ҳудудига маркази Россиянинг Европа қисми устида шаклланган совуқ антитциклон қисми кириб келади. Мамлакат бўйича вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) бўлади. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли ёғингарчилик бўлиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати пасаяди. 9 февралда республика ҳудудининг катта қисмида кечаси ва кундузи 4-9 даража илиқ, 10 февралда кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 2 даража совуқ — 3 даража илиқ бўлади. Республика шимолида ҳарорат кечаси 7-12 даража совуқгача, Устюртда 15 даража совуқгача, кундузи 2-7 даража совуқгача пасаяди. 7-9 февраля республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудига 9 январь куни Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетганди. Аномал совуқ пайтида ҳам электр энергиясида чекловлар киритилди, Энергетика вазирлиги аномал совуқ туфайли саноат корхоналарига газ етказиб беришни камайтирди, совуқ Тошкентдаги автобуслар фаолиятига таъсир кўрсатди. 15 январдан Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизидан илиқ ҳаво кириб келишни бошлади. 5 февраль куни ҳарорат 15 даражагача илиди.