«Ўзбекнефтгаз» ишчи гуруҳи томонидан конлар фаолияти таҳлил этилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилоятида жойлашган конларда газ қазиб чиқаришни кўпайтириш ва геологик-техник тадбирларни амалга ошириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларнинг ҳолатини назорат қилиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишларида конларда амалга оширилаётган айни ҳолатни таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш орқали нефть ва газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш кўзда тутилган.
Назорат тадбирининг иккинчи кунида бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли 10 га яқин кондаги қудуқлар фаолияти билан танишилган.
Ишчи гуруҳ айни пайтда бурғулаш жараёнлари кетаётган «Зеварда» конидаги 335-, 336-, 321-сонли ишлатиш қудуқларини бориб ўрганган. Бу ерда бурғулаш ташкилоти ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарияти билан бурғулаш ишларининг белгиланган режа бўйича бажарилиши таҳлил қилинган. Бошқарув раиси томонидан бурғулашни жадаллаштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурсларни ўз вақтида етказиб бериш каби муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилган.

Қайд этилишича, айни пайтда газ қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида «Жанубий Кемачи» конидаги мавжуд газ қудуқлар мажмуасида ёнлама ўзанни бурғулаш билан қудуқларни мураккаб таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 2023 йилда ушбу кондаги 13 та қудуқда шу турдаги ишларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, ҳозирда 1-, 2-, 24-, 64- ва 144-сонли қудуқларда мураккаб таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Ўрганиш жараёнларида таъмирлаш ишлари учун жалб қилинган махсус техника воситалари ва уларнинг имкониятлари муҳокама қилинган. Бошқарув раиси масъул департамент бошлиқларига мазкур қудуқлардан олинадиган натижаларнинг самараси асосида ушбу йўналишдаги тадбирларни кенг татбиқ этиш масаласини ўрганиш бўйича кўрсатмалар берган.
Маълумот учун, мураккаб турдаги таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ушбу қудуқларни бурғулашга дунёнинг илғор компанияларидан бири бўлган Yantai Jereh Petroleum Equipment & Technologies Co. LTD корхонасининг замонавий қурилмалари билан жиҳозланган ZJ-20 ва ZJ-30 бурғулаш дастгоҳлари жалб қилинган. Қудуқларни йўналишли ва горизонталь қисмларини бурғулаш ҳамда технологик назорат қилиш хизматлари Хитойнинг Karamay Jianye Energy Co.ltd компаниясининг юқори малакали мутахассислари томонидан замонавий технологиялари асосида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Муборак ҳудудида углеводородлар захираларини ошириш Дастури доирасида 2022 йилда очилган янги майдонларда олиб борилаётган ишлар ҳолатини назорат қилиш мақсадида «Тегирмон» гуруҳи конларини кўздан кечирган. Дастлаб «Тегирмон» конидаги 6-, 14-, 17-сонли, «Ғарбий Тегирмон» конидаги 12-сонли ишлатиш қудуқларини бурғулаш ишлари ўрганилган. Шунингдек, «Янги Олот» майдонидаги 4-, 5- сонли ва «Олтинкўл» истиқболли майдонидаги 1-сонли ишлов-қидирув қудуқларида олиб борилаётган бурғулаш жараёнлари билан танишилган.
Бошқарув раиси томонидан «Янги Олот» конининг истиқболларини баҳолаш мақсадида 10-ОЭ-сонли ишлатиш қудуғини бурғулаш жойи белгиланган. Қудуқлар ўрнини белгилашда Моделлаштириш маркази томонидан амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланган. Масъулларга қудуққа бурғулаш дастгоҳини ўрнатиш ва бурғулаш ишларини бошлашга рухсат берилган.

Бошқарув раиси «Янги Олот» конидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида кон бошлиқлари, бурғулаш ва капитал таъмирлаш усталари билан суҳбатлашиб, улар томонидан билдирилган ўринли таклиф ва мулоҳазалар бўйича масъулларга топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 2022 йилда 34 та газ конидаги 619 та ишлатиш қудуқларидан 14,7 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилган эди. Конлардан қазиб олинган газ 15 та газни дастлабки ва комлекс тайёрлаш қурилмаларида бирламчи тайёрланиб, 16 та Сиқув компрессор станцияларида босими оширилиб қайта ишлаш учун Муборак газни қайта ишлаш заводига узатилган.
2023 йилда Муборак нефть ва газ қазиб чқариш бошқармасида геологик техник тадбирлар доирасида 26 та қудуқни бурғулаш (шундан 16 таси излов-қидирув қудуғи), 245 та қудуқни капитал таъмирлаш ва интенсификация қилиш ҳамда 8 та технологик объектни ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг натижада 1 миллиард 630,6 миллион куб метр табиий газ ва 14,3 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқаришга эришилади.
Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Устюрт регионидаги гелогия-қидирув ва қазиб чиқариш ишлари ҳолати ўрганилгани тўғрисида хабар берилганди. Ўрганиш ишларининг навбадаги кунида Устюрт регионида углеводородлар захирасини ўстириш Дастури доирасида олиб борилаётган бурғилаш ишларини назорат қилинган эди.