Қашқадарёда «Агробанк» ходимлари 4 млрд сўмни ўзлаштиришда гумонланмоқда
«Агробанк» АТБ Қашқадарё вилоят бошқармаси Қамаши филиали мансабдор шахслари маблағларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
«Тергов давомида 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Терговнинг бориши алоҳида назоратга олинган. Якуни бўйича батафсил ахборот берилади», — дейилади хабарда.
UzNews нашрининг ёзишича, ўзлаштирилган сумма салкам 4 миллиард сўмни ташкил этади.
Аввалроқ Андижонда собиқ банк ходими ва тадбиркор 50 минг доллар кредитни талон-торож қилгани, Тошкент вилоятида кредит маблағини талон-торож қилган 2 та банк ходими ушлангани, Тошкент вилоятида «Халқ банки» ходими вафот этган 142 кишининг 85 млн сўмдан ортиқ пулини ўзлаштиргани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда 2022 йилда 3 мингдан ортиқ мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Тошкент вилоятларида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланганди. Шунингдек, Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланган.