Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ҳамдардлик билдирди
Шавкат Мирзиёев Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда юз берган кучли зилзила оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби маълум қилди.
«Қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — дейилади хабарда.
Туркия жанубида 6 февраль тонгида содир бўлган бир қатор зилзилалар оқибатида 76 киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Anadoluʼнинг ёзишича, терости силкинишлари Мисрдан Грузиягача бўлган қатор бошқа мамлакатларда ҳам сезилган. Сана агентлиги келтирган расмий маълумотларга кўра, Сурия шимолида ҳам камида 42 киши ҳалок бўлган ва 200 киши яраланган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўз навбатида ҳолат юзасидан расмий баёнот берган. «6 февраль Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмади», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Анқарадаги қлчихонаси (тел.: +90-312-441-38-71, +90-312-441-17-46) ва/ёки Истанбулдаги бош консулхонасига (тел.: +90-212-323-20-37, +90-212-323-20-39) мурожаат қилишлари мумкин.