Туркия жанубида 7,4 балли зилзила содир бўлди — фото
Туркия жанубида 6 февраль тонгида содир бўлган бир қатор зилзилалар оқибатида 76 киши ҳалок бўлди ва юзлаб одамлар жароҳат олди. Бу ҳақда Анадолу агентлиги ўзининг Twitter’даги саҳифасида хабар берди.

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, соат 04:17 да Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик туманида 7,4 магнитудали, 04:27 да Газиантеп вилоятидаги Нурдаги туманида 6,6 магнитудали ва 04:36 да шу вилоятнинг Ислаҳие вилоятида 6,5 магнитудали зилзила қайд этилган.
Ҳодиса оқибатида камида 76 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда, бироқ қидирув-қутқарув ишлари давом этар экан, бу рақам ортиши мумкин.

The Guardian маҳаллий ҳокимиятларнинг дастлабки маълумотларига таяниб, Малатя вилоятида камида 23 киши (420 киши жароҳатланган), Шанлиурфада 17 (30), Диярбакирда 6 (79) ва Усмонийда 5 киши ҳалок бўлганини ёзмоқда. Шунингдек, Малатяда 140 та уй вайрон бўлган.

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу мамлакатда энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинганини маълум қилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларга соғайиб кетишларини тилаган.


Anadolu’нинг ёзишича, терости силкинишлари Мисрдан Грузиягача бўлган қатор бошқа мамлакатларда ҳам сезилган. Сана агентлиги келтирган расмий маълумотларга кўра, Сурия шимолида ҳам камида 42 киши ҳалок бўлган ва 200 киши яраланган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида Мексика жануби-ғарбида юз берган 7,5 балли зилзила оқибатида бешта вилоятнинг 1 миллиондан ортиқ аҳолиси электр энергиясисиз қолганди. Шунингдек, Тайван қирғоқларида 18 сентябрь куни 7,2 магнитудали кучли зилзила юз берган, Хитой жануби-ғарбида жойлашган Сичуан провинциясида содир бўлган 6,8 магнитудали зилзила оқибатида 46 киши ҳалок бўлганди.
Мавзуга доир: Афғонистонда юз берган 6,1 балли зилзила — суратларда