Андижонда «заправка»да юк машинаси ёниб кетди — видео
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Андижон вилоятидаги «заправка»ларнинг бирида юк машинаси ёниб кетгани тасвирланган видео юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 6 февраль куни «ГАЗ-53» русумли автомашинаси Хонобод шаҳар «Анҳор» МФЙ Қорадарё кўчасида ҳаракатланиб кетаётган вақтида ёнғин содир бўлгани ҳақида Андижон вилояти ФВБ диспетчерлик қисмига соат 21:05 да хабар келиб тушган.
Шунга кўра, воқеа жойига зудлик билан ёнғин-қутқарув экипажи соат 21:06 да етиб бориб, ёнғин соат 21:07 да ўраб олинган ва 21:08 да батамом ўчирилган.
«Ҳодиса оқибатида автомашинанинг мотор ва салон қисми ёнган. Ёнғиннинг сабаби ва зарари аниқланмоқда. Ёнғин натижасида жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар қайд этилмади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида Cpativa транспорт воситаси ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган ва бир нафар фуқаро куйиш жароҳати билан шифохонага олиб кетилган эди.
Эслатиб ўтамиз, январь ўрталарида Наманган вилоятининг Поп туманида юк машиналари ёниб кетганди. Поп тумани ҳудудида кетма-кет ҳаракатланиб кетаётган 3 та МАN русумли юк автомобиллари иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлиши натижасида юк автомобилларида ёнғин келиб чиққан. Шунингдек, Тошкентда Audi, Қашқадарёда ҳаракатланиб кетаётган Damas, Фарғонада Spark, эса Қашқадарёда «КамАЗ» кабинаси ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.