21:00 | 07.02.23 379

Бугун оқшоми. Зилзила ўчоғидан олиб чиқилган ўзбекистонликлар, ЙПХ формасида рақсга тушган блогер қиз, Фарғонада қамалган журналист ҳамда Наманганда портлаган уй

@bugunoqshomi — Бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Туркиядаги зилзила оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Шунингдек, Ўзбекистонлик спортчилар Туркиядаги зилзила ўчоғидан Анқарага олиб келинди. Мамлакатда умуммиллий мотам эълон қилинди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, 7 февраль ҳолатига кўра, Туркияда рўй берган зилзила оқибатида Малатья провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, зилзила сабабли бедарак йўқолган 15 нафар Ўзбекистон фуқаросининг 2 нафари топилган. Ҳозирда қолган 13 нафар ўзбекистонликни қидирув ишлари давом этмоқда.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон ФВВ қутқарувчилари асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилувчи Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаган.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Шунингдек, Ўзбекистонлик спортчилар Туркиядаги зилзила ўчоғидан олиб чиқилди. Эркин кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари 7 феврал куни Туркияда содир бўлган зилзила марказларидан бири — Қаҳраманмараш вилоятидан олиб чиқилди. Спортчилар Каҳраманмараш шаҳрида 3−6 февраль кунлари ўтиши белгиланган халқаро мусобақада иштирок этаётганди. Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош котиби Шуҳрат Мамадалиев 6 феврал куни уларни мамлакатга олиб келиш учун Истанбулга жўнаб кетган.

Anadolu агентлигининг хабар беришича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 6 февраль куни содир бўлган кучли зилзила қурбонлари хотирасига бағишлаб мамлакатда умуммиллий мотам эълон қилди. Мотам 12 февралгача давом этади. Шунингдек, мотам тугагунига қадар Туркиянинг барча миллий ва хорижий идораларида байроқлар тушириб қўйилади.

Маълумот учун, 6 февраль куни эрталаб Туркия жануби-шарқида содир бўлган 7,8 балли зилзила қурбонлари сони айни пайтга келиб 4 мингга яқинлашди.

Хўш, Ўзбекистонни ўзида нима гап?

Барча аҳоли пунктларида ҳаракат тезлиги 60 км/соатга туширилади

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент фармони лойиҳасида қайд этилишича, 2023 йил 1 июндан бошлаб, Ўзбекистондаги барча аҳоли пунктларида автомобилларнинг ҳаракатланиш тезлиги соатига 60 километргача туширилиши кутилмоқда.

Фото: V1.ru

Лойиҳага кўра, 2023 йил 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлигини соатига 70 километрдан 60 километргача тушириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, ҳужжатда қайд этилишича, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади. Бундан ташқари, Давлат дастури лойиҳасига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, транспорт воситасининг мулкдорига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда ДЙҲХХ органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказгани ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.

Фарғонада журналист 15 суткага қамалди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 27 январь куни Dalil.uz сайтининг Фарғона вилояти бўйича мухбири Д.Р. томонидан деҳқон бозорида журналистик суриштирув олиб бориш жараёнида савдо билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан мухбирнинг ҳаракатларига нисбатан норозилик кайфияти пайдо бўлган ҳамда ўзаро жанжал келиб чиққан.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Натижада мазкур ҳолат бўйича ИИО ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган Dalil.uz электрон ахборот сайти мухбири Д.Р., ҳамда фуқаролар С.Х ва И.И.ларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-194-моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни интернетда тарқатганганлиги сабабли суд қарори билан Dalil.uz сайти мухбири Д.Р., фуқаролар, С.Х., М.Ҳ., И.Ғ ва И.И.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ ҳамда фуқаро Т.Ғ.га нисбатан БХМнинг 10 баробари миқдорида жарима жазоларини тайинлаган.

Намангандаги хонадонда газ портлаши оқибатида бир киши вафот этди

Наманган вилояти Косонсой туманида жойлашган хонадонда 7 февраль куни газ портлаши оқибатида 4 киши жароҳат олди.  Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса соат 07:30 ларда Косонсой тумани «Нуробод» МФЙ Навбаҳор кўчаси рақамсиз яшаш уйида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши натижасида содир бўлган. Оқибатда 4 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Фото: Bugun.uz

Шунингдек, Бош прокуратура ахборот хизматининг хабар беришича, портлашдан жароҳатлангна фуқаролар сони 5 нафарга етган. Натижада кўрсатилган ёрдамга қарамасдан 1 фуқаро шифохонада вафот этган. Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми «а» банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Андижондаги метан «заправка»да юк машинаси ёниб кетди

Андижон вилояти Хонобод шаҳрида 6 февраль куни ҳаракатланиб кетаётган «ГАЗ-53» юк машинасида ёнғин содир бўлди. Аниқланишича, ҳодиса оқибатида автомашинанинг мотор ҳамда салон қисми ёнган. Ёнғин натижасида жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар бўлмаган.

Тошкентда блогер қиз беҳаё рақсга тушиб, ЙПХ формасида видео суратга олди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ИИО формасини кийган қиз боланинг ахлоқсиз ҳаракатлар билан рақсга тушаётгани ҳамда машинада светафорнинг тақиқловчи қизил чироғига буйсунмасдан ҳаракатлангани тасвирланган видео тарқалди.

«Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан»: Аниқланишича, ушбу ҳолат 20,21, 23,19 ҳамда 16 ёшли шахслар томонидан содир этилган. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-4-моддаси 2-қисмида назарда тутилган қоидабузарликни содир қилгани бўйича планшет қурилмасида электрон маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, фуқароларнинг ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний чора кўриш учун ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилоятида 18 ёшли қиз ўз жонига қасд қилди

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган уй молхонасидан 28 январь куни 18 ёшли қизнинг жасади топилди. Nemolchi.uz лойиҳасининг ёзишича, қизни Миллий гвардияда ишловчи йигит шантаж қилган. Қиз у билан учрашишга келмаса, фотосуратларини тарқатиб юбориш билан қўрқитган.

Фото: Twitter

Миллий гвардия матбуот хизматининг хабар беришича, ҳозирда Миллий гвардия ходими билан боғлиқ келтирилган маълумотлар тасдиқланмаган ҳамда суриштирув якунлари бўйича қўшимча маълумот берилади. Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан марҳуманинг яқинлари ва бошқа тегишли шахслардан тушунтириш хатлари олиниб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Шунчаки дахшат. Ўзингизни эҳтиёт қилинг — эҳтиётингизни ўзингиз қилинг!

«Бу нашр фақат совуқ хабарлар бераркан», деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Ўзбекистонда 8 февраль куни ҳарорат 20 даражагача исийди

Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 8 февраль, чоршанба куни бироз ёғингарчилик кузатилади. Тоғли ҳудудларда ёғингарчилик қор кўринишида кузатилиши мумкин. Фақатгина Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кузатилмайди. Шунингдек, республиканинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати 8 февраль куни 20 даражагача исийди.

Қорақалпоғистонда оғир шароитдаги оилаларга тегишли эскирган уйлар таъмирланади

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Нукус шаҳри ва туманларидаги эскирган уйлар қайтадан таъмирланади. Янги қабул қилинган қарорга кўра, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ва туманларидаги оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли уйларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ҳамда яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш ишлари амалга оширилади.

Фото: Twitter

Ҳукумат қарори билан буюртмачиларга электрон шаклда таклиф бермасдан, энг яхши таклифларни аниқлаш ҳуқуқи берилган. Хусусан, унга кўра, амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи Нукус шаҳри ва шимолий туманларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК ҳисобланади. Шунингдек, юқоридаги чора-тадбирларни қисқа муддатларда якунлаш мақсадида пудратчи ва лойиҳа ташкилотларини, шунингдек, товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчиларни танлаш тўғрисида эълон махсус ахборот порталида жойлаштирилмайди.

Ўзбекистонда IMEI кодларини клонлаш учун жавобгарлик жорий этилади

Ўзбекистонда IMEI кодларини клонлаш билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш мақсадида тегишли нормаларга ўзгартириш киритиш, хусусан, жавобгарлик жорий этиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Foto: Norma

Маълум қилинишича, бугунги кунда жиноятчини топиш ҳамда йўқолган уяли телефонни эгасига қайтариш учун мобил қурилма эгаси томонидан тақдим этилган IMEI коддан фойдаланилмоқда. Шунингдек, жиноятчилар ҳам жиноят изларини яшириш усулларини яратишмоқда. Яъни, жиноятчилар томонидан клонланган IMEI кодлари яратилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББнинг қайд этишича, бундай клонланган IMEI кодларини эса автоматик аниқлаш ва блокировка қилишнинг техник тартиби жорий этилмаган.

Бу эса ўз навбатида ўғирланган уяли телефонларни излаб топишни қийинлаштириб, ноқонуний олиб кирилган мобил қурилмаларни республика ҳудудида рўйхатдан ўтказиш имконини беради. Бугунги кунга келиб мобил қурилманинг халқаро идентификация кодини ноқонуний равишда ўзгартирганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик мавжуд эмас. Бироқ ҳозирда юқоридагиларни инобатга олган ҳолда қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли нормаларга ўзгартириш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.