Намангандаги газ портлашида бир киши ҳалок бўлгани маълум қилинди
Наманган вилояти Косонсой тумани «Нуробод» МФЙда жойлашган хонадонда газ портлагани тўғрисида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида бир киши вафот этган.

7 февраль куни соат 07:30 ларда Косонсой тумани «Нуробод» МФЙ Навбаҳор кўчаси рақамсиз яшаш уйида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш оқибатида 4 нафар фуқаро тан жароҳатини олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Шамсутдиновга кўра, кўнгилсиз ҳодиса натижада жароҳат олганлар сони 5 кишини ташкил этган.
Кўрсатилган тез-тиббий муолажаларга қарамасдан 1 нафари шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми «а» банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етгани, шунингдек, Сурхондарёда лицей қозонхонаси портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Термиздаги хонадонда портлаш содир бўлди