Ўзбекистонда IMEI-кодларни клонлаштиришга жавобгарлик белгиланади
Ўзбекистонда IMEI-кодларни клонлаштириш учун жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда фуқароларнинг уяли телефон аппарати йўқолганлиги ҳақидаги хабарлари кўпайган. Бироқ жиноятчилар эндиликда клонланган IMEI-кодларини яратмоқда. Бундай клонланган IMEI-кодларини эса автоматик аниқлаш ва блокировка қилишнинг техник тартиби жорий этилмаган.
Клонлаш қуйидагича амалга оширилади: махсус дастурий таъминот воситасидан фойдаланган ҳолда IMEI-коди битта мобил қурилмадан бир ёки бир нечта мобил қурилмаларга узатилади ва натижада тармоқда бир хил IMEI-коди бўлган бир нечта мобил қурилмалар пайдо бўлади.
«Бу ўз навбатида ўғирланган уяли телефонларни излаб топишни қийинлаштириб, ноқонуний олиб кирилган мобил қурилмаларни республика ҳудудида рўйхатдан ўтказиш имконини беради», — дейилади хабарда.
Бугунги кунда мобил қурилманинг халқаро идентификация кодини ноқонуний равишда ўзгартирганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик мавжуд эмас. Аммо бу каби казусли ҳолатни бартараф этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли нормаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил бошида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси Винаяк Нагаражнинг Telegram’даги Давлетовуз каналида UzIMEI тизими ҳақида билдирилган фикрларга жавобан ёзилган пости ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. «Ҳозирги UzIMEI тизими мамлакат фуқаролари учун, айниқса, Ўзбекистонда 30 кундан ортиқ вақт ўтказадиган чет элликлар учун бошоғриқдир», — деганди у.
Ўзбекистонда мобил қурилмаларни IMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш тизими Вазирлар Макҳамасининг 2020-йил 31-декабрдаги қарорига мувофиқ жорий этилган. Мазкур мажбурий тизим жорий этилганидан сўнг бир неча бор кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган.
Хусусан, ўтган давр давомида хориждан келган кўплаб фуқароларда ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишда муаммолар юзага келган. Уларнинг номига бошқа мобил қурилмалар UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказилгани каби ҳолатлар учраган.