Ўзбекистондаги барча аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тезлиги 60 км/соатгача туширилади
Ўзбекистондаги барча аҳоли пунктларида автомобилларнинг ҳаракатланиш тезлиги соатига 60 километргача туширилади. Бу ҳақда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан муҳокамага қўйилган Ўзбекистонда 2023 йилги давлат дастури лойиҳасида сўз боради.
«Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини «шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун» ғояси асосида ислоҳ қилиш ҳам мақсад қилинган.
Лойиҳага кўра, 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилиши мумкин.
Йўл-транспорт ҳодисалари йилига 4 мингга яқин ўлим ҳолатлари билан якунланади. Таҳлилларга кўра, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади. Масалан, Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бу 2021 йилдаги ҳолатлардан (1073) қарийб 130 тага кўп. Ушбу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарини ташкил этади.
Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб транспорт воситасининг мулкдорига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда давлат ЙҲХХ органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказгани ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин.
Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани расмийлаштириш тартиби жорий этилиши белгиланиши кутилмоқда.
«Мазкур механизмлар жазо муқаррарлиги тамойилини рўёбга чиқариш ҳамда транспорт воситаси бошқаруви билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этишда балл тизими жорий этилиши муносабати билан киритилмоқда», — дейилади лойиҳада.
Жамоатчилик муҳокамаси 17 февралгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши 10 октябрь куни пойтахтнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 километргача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Кейинроқ Йўл ҳаракати хизмати бошқармаси бу фақат пойтахт кўчаларида жорий этилиши ва у ҳақда махсус комиссиянинг қарори қабул қилингач, тезликни камайтириш бўйича тартиб кучга кириши маълум қилган. Шундан сўнг, Бухоро вилояти кенгашининг 66-сессиясида Бухоро шаҳридаги айрим кўчаларда автомобиллар тезлиги чеклаш масаласи кўриб чиқилганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда янгича тизимда қоидабузар ҳайдовчилар «права»сидан қанча муддатга маҳрум этилиши маълум бўлди
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йил 1 декабрдан ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкентдаги автобусларга қоидабузарликни қайд этувчи видеорегистраторлар ўрнатилиши айтилган.