Қорақалпоғистонда оғир шароитдаги оилаларга тегишли эскирган уйлар таъмирланади
Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар беради Norma.
Ҳужжат билан Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ва туманларидаги оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли уйларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ҳамда яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш ишларининг йиғма параметрлари тасдиқланган.
Амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи Нукус шаҳри ва шимолий туманларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК ҳисобланади.
Жанубий туманлардаги уй-жойларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ва авария ҳолатидаги уй-жойларни янгидан қуриш ишлари бўйича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК буюртмачи этиб белгиланган.
Жанубий туманлардаги 2 минг километр тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизиш ишлари бўйича Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманлари ҳокимликларининг Ободонлаштириш бошқармалари буюртмачи этиб белгиланган.
Қарорда белгиланган чора-тадбирларни қисқа муддатларда якунлаш мақсадида пудратчи ва лойиҳа ташкилотларини, шунингдек, товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчиларни танлаш тўғрисида эълон махсус ахборот порталида жойлаштирилмайди. Буюртмачиларга электрон шаклда таклиф бермасдан, энг яхши таклифларни аниқлаш ҳуқуқи берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3 февралдан кучга кирган.
Аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда 31 мингта уйнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил октябрда ҳукумат қарори билан кўп квартирали уйларнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланганди. Ертўладан фойдаланиш кўп квартирали уйдаги мулкдорларнинг розилигига асосан амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, ертўла фақат қуйидаги фаолият турларини амалга ошириш учун берилади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда 2021 йилда «дом»ларни таъмирлаш учун қанча маблағ ажратилгани маълум бўлганди.