Тошкентда қиз беҳаё рақсга тушиб, ЙПХ формасида видео жойлади
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ пойтахтда блогер қиз беҳаё рақсга тушиб, ИИО формасини кийгани тасвирланган видео юзасидан маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда қиз боланинг ахлоқсиз ҳаракатлар билан рақсга тушгани ва машинада светафорнинг тақиқловчи қизил чироғига буйсунмасдан ҳаракатлангани тасвирланган видео тарқалди.
Ушбу ҳолат 20 ёшли Ш.Т., 21 ёшли Х.И., 23 ёшли Ш.Ж., 19 ёшли А.Х., 16 ёшли К.М. томонидан содир этилгани аниқланган. 21 ёшли Х.И. бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомашинани бошқариб кетаётиб Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчаси Шоҳсарой тўйхонаси қаршисидаги светафорнинг тақиқловчи қизил ишорасига буйсунмасдан ҳаракатланган.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-4-модда (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) 2-қисмида назарда тутилган қоидабузарликни содир қилгани юзасидан планшет қурилмасида электрон маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ҳолат бўйича фуқароларнинг ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний чора кўриш учун Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд вилоятидаги тунгги клубларнинг бирида рақсга тушиб, пул сочган қизларга чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди. Ҳолат 16 декабрь куни Самарқанд шаҳрида жойлашган тунгги клубда бўлган. Воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилган. Суд ҳар иккала ҳуқуқбузарга энг кам иш ҳақининг 3 баравари (900 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган.
Бундан олдин, ушбу қизлардан бири уятсиз фото ва видеоларини тарқатгани учун 5 суткага қамалганди. Кейинроқ суд инсонпарварлик тамойили қўлланилган ҳолда тайинланган 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси 4 сутка маъмурий қамоқ жазосига келтирган.