Туркия ва Суриядаги зилзилалар қурбонлари сони 4 минг кишидан ошди
Туркия жанубида 6 февраль тонгида юз берган зилзила қурбонлари сони 2921 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Юнус Сезарга таяниб, Anadolu агентлиги хабар берди.

Амалдорнинг сўзларига кўра, табиий офат оқибатида 15 834 киши жароҳат олган. Туркия вице-президенти Фуат Октайнинг айтишича, вайроналар остидан 7 840 киши чиқариб олинган.
Шунингдек, Сурияда юз берган ер ости силкинишлари оқибатида 1444 киши ҳалок бўлган, 3,5 мингга яқин одам жароҳатланган. Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ҳалаб, Латакия, Хамо, Идлиб ва Тартус вилоятларида 711 киши ҳалок бўлган, 1431 киши жабрланган.
6 февраль тонгида Туркия жануби-шарқида 7,7—7,8 магнитудали зилзила рўй берди. Маҳаллий ҳукумат ва БМТ маълумотларида келтирилишича, у Туркияда 1939 йилдан бери кузатилган энг кучли зилзила ҳисобланади. Ўша вақтдаги Эрзинжан зилзиласи оқибатида салкам 33 минг киши ҳалок бўлган.
Туркиянинг бир қанча туманлари ва қўшни Суриядаги ер ости силкинишлари оқибатида кенг кўламли вайронагарчиликлар юзага келган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакатда 7 кунлик мотам эълон қилди.
Мавзуга доир: Туркия ва Суриядаги зилзила оқибатлари — фоторепортаж
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ҳамдардлик билдирганди. Шунингдек, Туркияда зилзила оқибатларини бартараф қилиши учун Ўзбекистон қутқарувчиларни юбориши ҳақида маълум қилинган.