Туркиядаги зилзилада бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг «Овакент» қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлади, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ушбу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади. Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси томонидан фуқароларимизни табиий офат ҳудудларидан хавфсиз жойларга кўчириш ва мамлакатга олиб келишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 3-6 февраль кунлари Каҳраманмараш шаҳрида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида эркин кураш бўйича халқаро мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси Туркия томони билан ҳамкорликда Анқарадаги таълим марказига вақтинчалик жойлаштирилган ва уларнинг Ўзбекистонга қайтариш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
«7 февраль соат 10.00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатя вилоятида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганини афсус ва чуқур қайғу билан қайд этамиз. Ташқи ишлар вазирлиги марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирда зилзила оқибатида зарар кўрган фуқароларимизга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилган бўлиб, унга қуйидаги рақам орқали мурожаат қилиш мумкин +90-538-035-85-34.
6 февраль тонгида Туркия жануби-шарқида 7,7—7,8 магнитудали зилзила рўй берди. Маҳаллий ҳукумат ва БМТ маълумотларида келтирилишича, у Туркияда 1939 йилдан бери кузатилган энг кучли зилзила ҳисобланади. Ўша вақтдаги Эрзинжан зилзиласи оқибатида салкам 33 минг киши ҳалок бўлган.
Туркиянинг бир қанча туманлари ва қўшни Суриядаги ер ости силкинишлари оқибатида кенг кўламли вайронагарчиликлар юзага келган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакатда 7 кунлик мотам эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ҳамдардлик билдирганди. Шунингдек, Туркияда зилзила оқибатларини бартараф қилиши учун Ўзбекистон қутқарувчиларни юбориши ҳақида маълум қилинган.