Ўзбекистондаги уйлар зилзилага қанчалик бардошли? Қурилиш вазири ўринбосари жавоб берди — видео
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Одилов Ўзбекистонда қурилаётган объектларга буюртмачилар масъул эканини маълум қилди. Унинг бу гапи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Қурилиш вазирлиги ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида журналистнинг «Бизда қурилаётган уйлар қанчалик зилзилага бардошли, тажрибалар ўтказилганми? Неча баллгача «гарантия» бера оласизлар?», мазмунидаги саволига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосарининг жавоби ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
«Бу ерда инсон омили бор, мен 36 миллион одамнинг қилаётган иши учун кафолат бера олмайман. Кафолатни давлат тарафидан, ўрнатилган назорат, жорий қилинган тартиб-қоида ва стандартлар борасида бера оламан. Биринчи қурилиш ишларига жавобгар орган — қурилишда буюртмачи, яъни объектнинг эгаси ҳисобланади. Ўша ъбоётаъ объектдаги қурилиш стандарт нормаларига жавоб бериш ёки бермаслигига 100 фоиз масъул», — деган вазир ўринбосари.
Қурилиш вазирлигига кўра, тақдим этилган видеолавҳада гап қурилишда жавобгар аввало, буюртмачи экани хусусида борган. Боиси буюртмачи техник назорат бўйича мутахассисни бириктиради ёки ушбу фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсни шартнома асосида жалб қилади.
Шаҳарсозлик кодексининг 5-боб, 26-моддасида қурилишни назорат қилишда функционал мажбуриятлар белгилаб қўйилган. Бунда шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан қурилишга тайёргарлик кўриш ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж, ишга тушириш, созлаш ишларини бажариш қатъий назорат қилинади. Шунингдек, объектни фойдаланишга қабул қилиб олиш даврида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларига риоя этилиши текширилади.
Объектларни қуриш чоғида қурилиш устидан давлат назорати, буюртмачининг техник назорати, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати бўлиши талаб этилади. Белгиланган қонунчиликка кўра, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, фуқаро ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи конструктив қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатиб қўйилади ҳамда демонтаж ишларини амалга оширилиши талаб қилинади.
Агар сифатсиз қурилиш материаллари, конструкциялар ҳамда буюмлар қўлланилган бўлса, уларни ишлаб чиқаришни, реализация қилиш ҳамда қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли давлат органлари ва ташкилотларга тақдимномалар юборилади. Бу жараёнларда қурилишда назорат инспекцияси томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, илмий-техник ва илмий-тадқиқот ташкилотлари экспертлари иштирокида давлат назорати тартибида текширувлар ўтказилади.
«Жумладан, объектдаги ички назорат ишлари пудратчи томонидан камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида амалга оширилишини эслатиб ўтмоқчимиз. Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларида қурилиш ишларида сифатга кафолат бериш ҳамда улар лозим даражада бажарилмаган тақдирда пудратчининг жавобгарлиги ҳам белгилаб қўйилган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, лойиҳа ташкилотлари томонидан қурилишлар ҳудуднинг белгиланган сейсмик балига кўра (7, 8, 9 ) режалаштирилган ҳолда лойиҳалаштирилади. Экспертиза органлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларда объектнинг лойиҳа смета ҳужжатлари, йиғма экспертиза хулосаси (бунда ёнғин хавфсизлиги ва сейсмик бардошлилиги инобатга олиниши зарур) олинади.