Тошкент шаҳрида янги қурилишларга чеклов ўрнатилади
Шавкат Мирзиёев айни пайтда пойтахт жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар билан ўтказаётган йиғилишда шаҳарда бош режа бўлмагунча, янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини маълум қилди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари йиғилишда қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилган.
Шу боис, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилиниши таъкидланди. Шунингдек, 2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Қайд этилишича, шу мақсадда 100 гектар майдонда янги боғ ташкил қилинади. Бундан ташқари, «Тошкент яшил белбоғи» лойиҳаси бошланиб, баҳор мавсумида 525 минг туп дарахт ва буталар, 20 миллион туп гул кўчатлари экилади.
Аввалроқ Қурилиш вазири Ўзбекистондаги уйлар зилзилага бардошлигига кафолат беролмаслигини маълум қилганди.