Тошкентда турк халқи учун гуманитар ёрдам йиғиш бошланди
Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида рўй берган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафотлар кўрилгани туфайли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси томонидан қардош турк халқига Ўзбекистондаги икки давлат ишбилармонлари UTID, DEIK, MUSIAD номидан инсонпарварлик ёрдами юборилиши ташкил қилинмоқда.
Зарур бўлган маҳсулотлар рўйхати.
Гуманитар ёрдам бериш истагида бўлганлар, қўидаги манзилга ташриф буюришлари сўралади: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти технопарки. Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Бобур кўчаси 30-уй. Жойлашув қуйидаги ҳаволада.
Вақт: 8 февралдан бошлаб ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 га қадар. Батафсил маълумот учун: (78) 150-60-06, 1094.
6 февраль тонгида Туркия жануби-шарқида 7,7—7,8 магнитудали зилзила рўй берди. Маҳаллий ҳукумат ва БМТ маълумотларида келтирилишича, у Туркияда 1939 йилдан бери кузатилган энг кучли зилзила ҳисобланади. Ўша вақтдаги Эрзинжан зилзиласи оқибатида салкам 33 минг киши ҳалок бўлган.
Туркиянинг бир қанча туманлари ва қўшни Суриядаги ер ости силкинишлари оқибатида кенг кўламли вайронагарчиликлар юзага келган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакатда 7 кунлик мотам эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ҳамдардлик билдирганди. Шунингдек, Туркияда зилзила оқибатларини бартараф қилиши учун Ўзбекистон қутқарувчиларни юбориши ҳақида маълум қилинган.