Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 9 минг кишидан ошди
Туркияда юз берган зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 7108 кишига етди, деб хабар беради мамлакат Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

Шунингдек, маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 40 910 киши жароҳат олган. Ҳодиса жойида қарийб 100 минг қутқарувчи, жумладан, волонтёр ҳамда бошқа давлатларнинг бир неча минг мутахассислари иш олиб бормоқда.
Reuteres агентлигининг ёзишича, Сурияда ҳалок бўлганлар сони 2,5 минг кишидан ошган. Бундан ташқари, 4,5 мингдан ортиқ одам жароҳат олгани тўғрисида маълумотлар мавжуд.
Магнитудаси 7,7 га тенг зилзила Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатли ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркияда вайроналар остидан 9 кишини қутқариб олди — видео
Аввалроқ Ўзбекистон ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчиларини жўнатгани, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакатда 7 кунлик мотам эълон қилгани тўғрисида хабар берилганди.