«ʼНукус воқеалариʼ бўйича 3 нафар орган ходими эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган» — Бош прокуратура
Бош прокуратура Қорқалпоғистон Республикасида содир бўлган тартибсизликларда айбланаётганлар бўйича маълумот берди.
2022 йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида содир этилган оммавий тартибсизликлар юзасидан Жиноят кодексининг 159-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланган 22 нафар шахсга нисбатан суднинг 2023 йил 31 январь куни ҳукм чиқарган.
Шунингдек, 18 ва 21 нафар шахсга (барчасига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган) нисбатан Жиноят кодексининг 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) ва бошқа тегишли моддалари билан бўлган 2 та жиноят иши айблов хулосаси билан 2023 йил 17 январь куни мазмунан кўриш учун Қорақалпоғистон Республикаси судига юборилган.
«Ҳозирда мазкур жиноят ишлари суд томонидан мазмунан кўриб чиқилмоқда», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари тергови доирасида 3 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
«Ҳозирда жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов натижаси бўйича жиноят ишларининг судга юборилиши таъминланади», — дея таъкидланади Бош прокуратура хабарида.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларни ўрганиш ва мустақил текширув ўтказиш бўйича тузилган парламент комиссияси Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Полат Шамшетов вафоти бўйича ўрганиш олиб боришини маълум қилганди. Одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилганликда айбланиб, 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Полат Шамшетов 4 февраль куни эрта тонгда тахминан юрак хуружидан вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни Бухоро вилоятида ўтказилган биринчи инстанция суди Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон суди судьяси Элубай Абибуллаев раислигида 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 22 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилинди. Хусусан, «Ел хызметинде» газетаси муҳаррири ва блогер Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди, Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод қилинди.
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 1 июль куни соат тахминан 15:00 дан бошлаб айрим фуқаролар шаҳар Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирганди. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси 2 июль куни мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унга кўра, популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғганди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга етиб борди. Президент у ерда Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари унда Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлаган.