«Нукус воқеалари» бўйича судланган собиқ ИИБ ходимининг вафоти бўйича Мустақил комиссия баёнот берди
Нукус воқеалари бўйича судланган собиқ ИИБ ходими Полат Шамшетов вафот этгани тўғрисида хабар берилганди. Мустақил комиссия Шамшетовнинг бевақт ўлими юзасидан расмий баёнот берди.

Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари Полат Шамшетовнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида 4-сонли Тергов ҳибсхонасига бориб, у ердаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий хулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганган. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказилган.
Марҳум Полат Шамшетов билан бир камерада бўлган Б.М. ва Ш.С. билан суҳбатда, улар 3 февраль куни нонуштадан кейин камерада суд ҳукмини қайта-қайта ўқиган, муҳокама қилишган, тушликдан сўнг сайр қилишгач, камерага қайтишган. Уларнинг айтишича, шу кунларда Шамшетов кўп тамаки чеккани туфайли нафас олиши оғирроқ бўлиб қолган. Хонадошларнинг сўзларига кўра, ўша куни марҳум кўп безовталанган, тўсатдан уларнинг кўз ўнгида хушини йўқотган.
Камера ёзувларида марҳум Шамшетовнинг ўша кундаги ҳаракатлари, санитария-гигиена ходими ва тез тиббий ёрдамнинг оператив ҳаракатлари аниқ акс этган.
4 февраль куни соат 01:50да Полат Шамшетовнинг соғлиги ёмонлашгани сабабли камерадошлари ҳибсхона тиббиёт бўлими шифокорини чақиртирган. Ҳибсхона тиббиёт бўлими фельдшери катта сержант Д.Темиров камерага келган вақтида маҳкум Шамшетов ҳушсиз ҳолатда бўлган. Соат 02:15 да РШТТЁИМ Бухоро вилояти филиали тез ёрдам шифокори А.Ғафуров ва фельдшер М.Рахмонов етиб келган вақтда маҳкум Шамшетовни биологик ўлим ҳолатида эканини аниқланган.
Ўрганиш давомида Бухоро вилоят суд тиббий экпертизаси томонидан ўтказилган текширувларнинг видеоёзувлари ҳам таҳлил қилинган.
Шунингдек, комиссия аъзолари марҳум вафот этган кунда ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро вилоятидаги филиалидан жалб қилинган тез ёрдам шифокори А.Ғафуров ва фельдшер М.Рахмонов ҳамда суд-тиббий экспертизасини ўтказган Республика Суд тиббий экспертиза маркази Бухоро вилоят филиали мутахассислари билан ҳам суҳбатлашиб, керакли маълумотларни олган.
Бундан ташқари, маҳбусларга тасдиқланган меню асосида берилган таомлар кўриб чиқилган ва ошхонадаги шароитлар ўрганилган. Ўрганиш давомида, марҳумга нисбатан руҳий ёки жисмоний қийноқ қўлланилиши мумкинлигига оид маълумотлар ассосиз эканлиги аниқланган.
Маълумот учун, Полат Шамшетов Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи. 31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга кўра, Полат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 45 (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57-моддалари қўлланиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Аввалроқ «Нукус воқеалари» бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари тергови доирасида 3 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани маълум бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни Бухоро вилоятида ўтказилган биринчи инстанция суди Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон суди судьяси Элубай Абибуллаев раислигида 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 22 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилинди. Хусусан, «Ел хызметинде» газетаси муҳаррири ва блогер Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди, Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод қилинди.