Тошкентда «Сув таъминоти» ходими тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этди
Тошкент шаҳрида 8 февраль куни қувурда юзага келган носозликни бартараф қилаётган «Сув таъминоти» ходими тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Bugun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Аниқланишича, Олмазор тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига 8 февраль куни соат 18:30 ларда келиб тушган хабарга кўра, Олмазор тумани, «Университет» МФЙ, Чимбой 2-тор кўчасида аҳолининг мурожаатига асосан, мазкур ҳудуддаги қувур ёрилганлиги бўйича носозликни бартараф этаётган «Сув таъминоти»да чилангар бўлиб ишлаган 1984 йилда туғилган Т.К. тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича жойига тергов-тезкор гуруҳи аъзолари чиқиб, воқеа жойи кўздан кечирилган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Олмазор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда 3 киши тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлгани, шунингдек, Бухорода сув қувури ётқизаётган икки нафар ишчи тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.