Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари қамоққа олинди
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУКда аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Ижтимоий тармоқларда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари қўлга олингани тавсирланган видео тарқалган эди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан агентлик ҳамда унинг ҳузуридаги корхонада ўтказилган ўрганишда жуда кўп миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар, бюджет маблағларининг сарф қилинишида белгиланган талабларнинг қўпол равишда бузилганлик ҳолатлари аниқланган. Ҳозирда ДХХ тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, «Док-1 Макс» ва «Амбранол» сиропининг ножўя таъсири сабабли «ўткир буйрак етишмовчилиги» ташхиси билан болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида бир қатор мансабдор шахслар қамоққа олинган.
Хусусан, тўпланган далиллар асосида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК директори С.К. ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта жиноий шериклари иш бўйича гумон қилиниб ушланиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Дастлабки тергов давомида сифатсиз дори воситаларини Ўзбекистонга импорт қилиб, истеъмолга чиқарилишига рухсат берган масъуллар доирасини аниқлаб, ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришга қаратилган комплекс тергов-тезкор ҳаракатлари ва тегишли экспертизалар ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарини ишдан олганди. «Самарқанд ва Қашқадарёдаги болалар ўлими соҳада ишлар аҳволини, назорат йўқлигини кўрсатди. Бугун Фармацевтика агентлиги раҳбари Кариевни ишдан олдим. Бунга йўл қўйган мутасаддиларнинг ҳаммаси қонун олдида жавоб беради!» — деганди Президент.
Декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган.
Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб, уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар. Кейинроқ Деҳқонобод туманида ҳам 1 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди. 7 январь куни Наманганда ҳам 3 ёшли бола «Док-1 Макс» препаратидан заҳарланиб вафот этди.