Ўзбекистонда 2023 йилда иш ҳақи қанчага ўсиши прогноз қилинди
Британиянинг Ernst & Young (EY) компанияси Ўзбекистонда 2022/2023 йиллар учун йиллик иш ҳақи ва компенсацияларни кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда жаҳон бозоридаги ўзгаришлар Ўзбекистонда ходимларга ҳақ тўлаш ва кадрлар сиёсатига қандай таъсир қилганини кўриш мумкин. Тадқиқот лавозимлар ва ҳудудлар бўйича иш ҳақи даражалари, бонуслар ва имтиёзлар, шунингдек, кадрлар сиёсати ва амалиёти ҳақида батафсил маълумотни намойиш этган.
EY’нинг таъкидлашича, сўнгги уч йилдан бери ходимларнинг иш ҳақи даражаси барқарор ўсмоқда. Хусусан, 2022 йилда 70 фоиздан ортиқ компания иш ҳақини кўтарган. Ундан олдинги йилга нисбатан ўсиш ўзгармаган — 20 фоиз. Агар 2021 йилда иш берувчилар томонидан белгиланган фоиз ўсиши (12,5 фоиз) солиштирилса, реал ўсиш суръати (20 фоиз) йил учун режалаштирилганидан деярли икки баравар ошган.
Прогнозларга кўра, 2023 йилда иш ҳақларининг ўсиш даражаси бироз секинлашган: иш берувчилар ходимларига иш ҳақини 16 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, ҳисоботни шакллантиришда иштирок этган компаниялардан кўриш мумкинки, иш натижаси бўйича мукофот пулларини беришдан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, компанияларнинг 60 фоиздан ортиғи бажарилган иш натижаси бўйича мукофот беради.
Ўзбекистон меҳнат бозорида сўнгги йилда иш берувчиларнинг ходимларни номоддий рағбатлантиришга ҳам қизиқиши ортмоқда. Хусусан, улар ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар ва «ой/йил ходими» каби рабғатлантиришлардан ҳам фойдаланяпти.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилда ўртача иш ҳақи 21,1 фоизга ошиб 3,9 миллион сўмни ташкил этгани хабар қилинганди. Ҳудудлар кесимида 2022 йилда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳрида (6,3 миллион сўм), Навоий вилоятида (5,1 миллион сўм), Тошкент вилоятида (3,9 миллион сўм), Андижон вилоятида (3,38 миллион сўм) ҳамда Бухоро вилоятида (3,32 миллион сўм) кузатилган. Энг паст кўрсаткич Фарғона (2,9 миллион сўм) вилоятида қайд этилди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда натура шаклида иш ҳақи тўланиши мумкин
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йилнинг дастлабки 9 ойи давомидаги ўртача номинал иш ҳақи миқдори 3,72 миллион сўм ёки 335 долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 24,9 фоизга кўп демакдир.