Туркияда кейинги зилзила янада даҳшатли бўлиши мумкин. Олимлар бу ҳақда анчадан буён огоҳлантириб келади
Истанбулда 2030 йилга қадар магнитудаси 7,6 балли зилзила содир бўлади. Бу ҳақда Истанбул техника университети қошидаги Евроосиё геофанлар институти директори лавозимида ишлаган профессор Окан Туйсуз 2006 йилда The Guardian’ga маълум қилган.

«Биз магнитудани биламиз. Биз жойини биламиз. Фақат айнан қачон юз беришини билмаймиз. Аммо 65 фоизли эҳтимолликка кўра, 2030 йилга қадар Истанбул 7,6 магнитудали зилзиладан жабр кўради. Бу жуда юқори эҳтимоллик», — деган у.
Ўтган 15 йил давомида олимлар мазкур хавотирли прогнозларни тасдиқловчи кўплаб ҳисоб-китобларни эълон қилган (эҳтимоллик даражаси 35 дан 95 фоизгача — 2045 йилга қадар). Кенг кўламли ер ости силкинишларини прогнозлаштириш билан нафақат турк тадқиқотчилари, балки АҚШ, Италия, Франция, Япония мутахассислари ва ҳатто халқаро суғурта фирмалари ҳам шуғулланган.
«Гап шаҳарнинг географик жойлашувида. Истанбул Анатолий ва Евроосиё тектоник плиталари уланган жойдан ўрин олган. Айнан шу сейсмик хавфни туғдиради. Плиталарнинг силжиши неча асрлардан буён йирик зилзилаларни юзага келтирмоқда», — дейилади хабарда.
Профессор Туйсуз гапирган энг ёмон сценарий ҳолатида Истанбулнинг 40 фоиз ҳудуди вайрон бўлади, шаҳарга ёпириладиган цунами баландлиги эса етти метрга етади. 2021 йилда Истанбул мерияси томонидан тақдим этилган ҳисоботда келтирилишича, 7,5 балли зилзилада шаҳардаги 209 минг бино қисман ёки тўлиқ қулаб тушади. Бу 3 миллион аҳоли бошпанасиз қолишини билдиради.
Шунингдек, мерия шаҳар учун ер ости сувларининг пайдо бўлиш харитаси ишлаб чиқилгани, мутахассислар эса ушбу сувларни жабрланганлар жойлаштириладиган вақтинча зоналарга етказиш устида иш олиб бораётганини билдирган.
Расмийларнинг табиий офатга қарши кураш чора-тадбирларида бошқа ечимлар ҳам келтирилган. Масалан, Истанбулда фавқулодда ҳолат бўйича мунтазам кенг кўламли ўқувлар ўтказилади: шаҳарликлар телефонларига зилзила ҳақида хабар келади, янгилик телеканал ва радиостанциялар, масжидлар ва минитсипалитетлардаги овоз кучайтиргичлар орқали эълон қилинади.
Шунга қарамай экспертлар амалдорларнинг кўплаб ҳаракатларига қатор эътирозларни билдириб келмоқда. Туркия Муҳандис-геофизиклар палатаси аъзоси Халук Эйидоганнинг сўзларига кўра, сўнгги 15 йилда шаҳарда назоратсиз қурилишлар олиб борилмоқда. Юқори хавф, хусусан, эски биноларни кўплаб таъмирлаш лойиҳалари туфайли юзага келган, бунда қурувчилар уйларга яна қаватлар қўшмоқда. Бу бинога юкламани оширган ва уларни сейсмик стандарларга мос келмайдиган ҳолга келтирган.
Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,7 га тенг зилзила 6 февраль тонгида Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатли ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.