Андижонда янги қурилаётган турар жой биносида бир қатор камчиликлар аниқланди
Андижонда ингичка колонналар устига курилаётган бинолар кўпайиб бораётгани, бунинг оқибатида объектнинг юқориси пастидан оғирлашиб кетиши айтилган хабар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мазкур мурожаат юзасидан вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Андижон шаҳар Фурқат кўчаси 150-а манзилдаги мавжуд чойхона ва новвойхона бинолари бузилиб, ўрнига 3 қаватли 1–2-қаватлари савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 3-қавати турар жой биноси ва иншоотларини қуриш назарда тутилган.
Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объект 2022 йил 26 июль санаси билан рўйхатдан ўтган.
Вазирликка кўра, инспекция томонидан объектда ўрнатилган тартибда мониторинг тадбирлари олиб борилган. Мониторинг жараёнида аниқланган 15 та камчилик бўйича 6 та ёзма кўрсатма берилган. Ҳозирда куз-қиш мавсуми даврида қурилиш-монтаж ишлари буюртмачи томонидан вақтинча тўхтатилган.
«Объект фойдаланишга топширилгунга қадар унда кечаётган ҳар бир жараён инспекция томонидан назоратга олинган», дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмагани ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида журналистнинг «Бизда қурилаётган уйлар қанчалик зилзилага бардошли, тажрибалар ўтказилганми? Неча баллгача ‘гарантия’ бера оласизлар?» мазмунидаги саволига вазир ўринбосарининг жавоби ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
«Бу ерда инсон омили бор, мен 36 миллион одамнинг қилаётган иши учун кафолат бера олмайман. Кафолатни давлат тарафидан, ўрнатилган назорат, жорий қилинган тартиб-қоида ва стандартлар борасида бера оламан. Биринчи қурилиш ишларига жавобгар орган — қурилишда буюртмачи, яъни объектнинг эгаси ҳисобланади. Ўша ‘бой ота’ объектдаги қурилиш стандарт нормаларига жавоб бериш ёки бермаслигига 100 фоиз масъул», — деган вазир ўринбосари.