Бугун оқшоми. Тошкентда «содир бўлиши» айтилган 9 балли ер қимирлаши, мактаб ўқувчиларига берилаётган енгиллик ҳамда 500 та атом бомбасининг портлашига тенг Туркия зилзиласи
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентда шаҳрида 9 балли зилзила кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг бир қатор жойларида 9 магнитудали зилзила бўлиши кутилаётган ҳудудлар харитаси тарқалди. Харитада қайд этилишича, пойтахтнинг Чилонзор, Учтепа, Олмазор ва Яккасарой туманларида кучли ер қимирлаши прогноз қилинган.

Ўзбекистон ФВВ ушбу харита вазирлик томонидан эълон қилинмаганини билдирди ҳамда бу каби тарқатилаётган хабарлар асоссиз эканлигини маълум қилди. Шунингдек, вазирлик Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда кучли магнитудали зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслигини таъкидлаган.
Фарғона водийси вилоятларида метан «заправка»лар ёпилмаслиги маълум қилинди
Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилиши ҳақида тарқалган хабарлар ёлғонлигини маълум қилди. Вазирликнинг хабар беришича, республика бўйича, хусусан, водий вилоятларидаги метан «заправка»лари фаолияти маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда давом этади.
Юқори синф ўқувчиларига ўзлари хоҳлаган фанни ўқишига рухсат берилиши мумкин
Ўзбекистонда 10-11-синф ўқувчилари 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич фанларни мустақил танлаш имкониятига эга бўлади. Хусусан, унга кўра, умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари кимё ва биология, математика ва физика, тарих ва ҳуқуқ ҳамда она тили-адабиёт ва чет тил каби фанлардан танловни амалга оширишлари мумкин.

Бундан ташқари, янги ўқув дастури бўйича 10-11-синф ўқувчилари учун белгиланган 14 та мажбурий фанлар сони 8 тагача қисқартирилади. Шунингдек, 2023 йил 1 центябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан мактабда ўқувчиларни иккита хорижий тил ҳамда битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Ўзбекистондан зилзила сабаб жабр кўрган Туркияга инсонпарварлик ёрдами йиғиш вақтинча тўхтатилди
Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилган Туркияга инсонпарварлик ёрдами йиғиш республиканинг барча ҳудудий бўлинмаларидан юклар келиб тушаётгани сабабли уларни саралаш, қадоқлаш ва жўнатишга тайёрлаш учун қўшимча вақт талаб этиши натижасида вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, маълум қилинишича, ёрдам йиғиш қайта бошланиши ва Туркияга етказилиши зарур бўлган маҳсулотлар рўйхати яна эълон қилинади.
Шунингдек, бошқа хабарлар:
- Самарқандда мижозларга интим хизмат кўрсатиб келган 11 массажчи ушланди — видео;
- «Нукус воқеалари»да етказилган зарарлар ҳисобланмоқда;
- Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 11,4 кг гиёҳванд моддалар мусодара қилинди;
- Тошкентда янги қурилган кўп қаватли уйнинг деворлари дарз кетди.
Хўш, дунёда нима гап?
Туркиядаги зилзила кучи 500 та атом бомбасининг портлаши билан тенг деб қиёсланди
Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хатарларни минималлаштириш бўлими бошлиғи Ўрхон Татарнинг сўзларига кўра, мамлакатда 6 февраль куни содир бўлган 7,6 баллиз зилзила натижасида юзага келган энергия кучи 500 та атом бомбасининг энергиясига тенг. Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, 6 февралдан кейин Туркияда 2 мингтадан ортиқ зилзила содир бўлган ҳамда бу ҳали якун эмаслигини айтиб ўтган.

Ўрхон Татарнинг маълум қилишича, Туркияда 3,5-4 магнитудали, шунингдек, айрим ҳолларда 5-6 балли ва ундан кучлироқ ер қимирлашлари яна узоқ вақт давомида такрорланиши кутилмоқда.
Шунингдек, ЖССТ Туркиядаги зилзиладан кейинги «иккиламчи ҳалокат» хавфидан огоҳлантирди. Қайд этилишича, мамлакатда зилзиладан омон қолганлар очиқ ҳавода ва «даҳшатли шароитда» қолган бўлиб, уларнинг аксарияти сув, ёнилғи, электр энергияси, алоқа ва «ҳаёт учун муҳим» бошқа воситалардан узилиб қолган. Бу ер силкинишлари оқибатида ҳалок бўлганлар сонига тенг яна шунча қурбонларни юзага келтириши мумкин. Маълумот учун айни пайтга келиб Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 21 минг нафардан ошган. Етказилган зарар миқдори эса 4 миллиард долларга баҳоланган.
Россияда давлат тузилишини ўзгартириш таклиф қилинди
Россиялик собиқ олигарх Михаил Ходорковский мамлакатни парчаламаган ҳолда давлат тузумини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Михаил Ходорковский Россияда 10 йил қамоқ жазосини ўтаганидан кейин хорижга чиқариб юборилган Кремлнинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади. Унинг фикрича, Россия Швейцарияга ўхшаб федералистик моделга ўтиши мумкин.

«Бизда иккита йўл бор. Биринчиси — Югославияга ўхшаб, Россия бир нечта давлатга бўлиб юборилади. Бироқ бу жуда хавфли бўлиши мумкин. Сабаби бу ядровий можаролар ва янги диктатураларни келтириш чиқаради. Мен Россиянинг худди Швейцария каби парламентдан федералистик моделга ўтиш тарафдориман», — дейди у.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, агар Россияда давлат тузумини ўзгартириш бошланса, бу 20 йил давом этиши мумкин.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.