ФВВ Тошкентда 9 балли зилзила кутилаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкентда 9 магнитудали зилзила бўлиши кутилаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентда 9 магнитудали зилзила бўлиши кутилаётган ҳудудлар харитаси тарқалди. Унда Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Яккасарой ва Юнусобод туманларида ер қимирлаши прогноз қилинган. Энг хавфсиз ҳудудлар сифатида Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек туманлари келтирилган.

Ўзбекистон ФВВ ушбу харита вазирлик томонидан эълон қилинмаганини билдирди.
«Ишончли маълумотларни фақатгина бизнинг расмий манбаларимиздан олишингиз тавсия этилади», дейилади муносабатда.
Мавзуга доир: Ўзбекистондаги уйлар зилзилага қанчалик бардошли? Қурилиш вазири ўринбосари жавоб берди — видео
Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,7 га тенг зилзила 6 февраль тонгида Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилганди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатли ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 18,3 минг кишига етган. Табиий офат қурбонлари хотирасига мамлакатда етти кунлик мотам эълон қилинган.