«Нукус воқеалари»да етказилган зарарлар ҳисобланмоқда
Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия хулосасини тайёрлашга киришди.
Комиссия ўз хулосасида қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқда:
- Қорақалпоғистонда 2022 йил 1–2 июль кунлари юз берган ҳолатлар ва воқеаларнинг хронологик тафсилоти;
- Мустақил комиссиянинг ташкилий тадбирлари;
- маҳаллий ҳукумат ва давлат органлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар;
- намойишларнинг келтириб чиқарган оқибатлари, етказилган зарар, иштирокчиларнинг маънавий ва психологик тафсилоти;
- намойишлар юзага келишига сабаб бўлган омиллар;
- намойишларда айбдор деб топилган фуқароларга нисбатан суд жараёнларининг тафсилоти;
- Мустақил комиссиянинг асосий хулоса ва тавсиялари;
- хотима;
- намойишларда қўлланилган махсус воситаларнинг тактик-техник хусусиятлари.
Жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва фаоллар комиссия хулосасига оид фикр-мулоҳазаларини @independetuz_bot Telegram ботига юбориши мумкин.
Маълумот учун, 2022 йил 16 июль кунидан Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия ўз ишини бошлаган. Комиссия ўз фаолиятини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, воқеаларни ҳар томонлама ва ҳолис ўрганиш, шунингдек, олинган ахборотларни қайта текшириш ҳамда ўз фаолиятини жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда ташкил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрда Бухоро вилояти судида кўрилаётган «Нукус воқеалари» бўйича фуқаровий даъвогар ҳамда жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланганди. Хусусан, фуқаровий даъвогар — фарғоналик шахс Нукус воқеаларида унга тегишли бўлган юк машинаси ёқиб юборилгани ҳамда катта миқдорда зарар кўрганини маълум қилган. Даъвогар машинанинг таннархи 652 миллион сўм, аммо у лизингга олингани, шу сабабли етказилган умумий зарар миқдори 966 миллион сўмни ташкил қилишини билдирган эди.
Мавзуга доир: «Нукус воқеалари» бўйича судланган собиқ ИИБ ходимининг вафоти бўйича Мустақил комиссия баёнот берди
Аввалроқ, 31 январь куни Бухоро вилоятида ўтказилган биринчи инстанция суди Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон суди судьяси Элубай Абибуллаев раислигида 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 22 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилинди. Хусусан, «Ел хызметинде» газетаси муҳаррири ва блогер Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди, Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод қилинди.