Ўзбекистондан Туркияга инсонпарварлик ёрдами йиғиш вақтинча тўхтатилди
Ўзбекистондан Туркияга инсонпарварлик ёрдами йиғиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда мамлакат Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, барча ҳудудий бўлинмалардан юклар келиб тушаётгани сабабли уларни саралаш, қадоқлаш ва жўнатишга тайёрлаш қўшимча вақт талаб этмоқда. Палата гуманитар ёрдам йиғиш қайта бошланиши ва Туркияга етказилиши зарур бўлган маҳсулотлар рўйхати яна эълон қилинишини билдирган.
«Ҳар томонлама ёрдам берганингиздан миннатдормиз. Сизларнинг ёрдамингиз билан биродар турк халқи учун керакли маҳсулотлар билан тўлдирилган 25 та юк машинасини (тахминан, 550 та поддон) жўнатдик», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, магнитудаси 7,7 га тенг зилзила 6 февраль тонгида Сурия чегарасидаги Қаҳрамонмараш туманида кузатилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳалокат 10 та вилоятга таъсир кўрсатган ва сўнгги 84 йил ичидаги энг ҳалокатли ҳисобланади: 1939 йилда Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.
Мавзуга доир: Туркияда кейинги зилзила янада даҳшатли бўлиши мумкин. Олимлар бу ҳақда анчадан буён огоҳлантириб келади
Савдо-саноат палатаси ҳамда «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси томонидан 8 февраль куни қардош турк халқига Ўзбекистондаги икки давлат ишбилармонлари UTID, DEIK, MUSIAD номидан инсонпарварлик ёрдами юборилиши ташкил қилинган эди.
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан 9 февраль куни Ўзбекистон махсус борти ҳалокатли зилзилалар оқибатида жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Газиантеп шаҳрига (Туркия) етиб борган. Махсус бортда умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бир қаторда, навбатдаги гуманитар ёрдам партияси ҳам етказилган.