Водий вилоятларидаги газ «заправка»лар ёпилиши рад этилди
Энергетика вазирлиги водий вилоятларидаги газ «заправка»лар ёпилаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда водий вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти вақтинча тўхтатилгани мазмунида хабарлар тарқалди.
Вазирлик ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилиб, фуқаролардан бу каби тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликларини сўраган.
«Республика бўйича, хусусан, водий вилоятларидаги АГТКШлар фаолияти маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган жадвалларга асосан давом этади. Ўз навбатида, ижтимоий тармоқ вакилларидан бу каби асоссиз ва тасдиқланмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз», дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, декабрь бошидан Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли шаҳарнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилди — коммунал хизматлар мавжуд газ захирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмади. «Ўзтрансгаз» январь ўрталарида об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, республикадаги барча АГТКШлар одатдаги иш тартибида ишлай бошлашини маълум қилганди.
Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Наманган вилоятида тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига беш баробар кўпроқ газ етказилишини айтганди. Қайд этилишича, бир ҳафта ичида метан ёнилғи қуйиш шохобчалари кунига ҳозирги 1 миллион ўрнига 5 миллион кубометр газ олади. Умуман олганда, саноат ва хизмат кўрсатишни тиклаш учун республика бўйича кунига 80 миллион куб метр газ ва 126 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб берилади.
Мавзуга доир: Тошкентда 35 та метан «заправка» фаолияти қайта тикланди